«Akfa Lightning LED» компанияси ўзининг биринчи юбилейини нишонлади. Узоқ йўлни босиб ўтган ва нафақат Ўзбекистонни, балки қўшни давлатларни ҳам «ёритган» компания. Унинг яратилиши, ривожланиши ва тадбирлари тўғрисида бизнинг материалларимизда батафсил танишинг.

11 ноябрь куни ажойиб тадбир бўлиб ўтди: «Akfa Lightning LED» компанияси ўзининг биринчи ўн йиллигини нишонлади. Тадбирда дастлабки 10 йиллик ишлар якунлари сарҳисоб қилинди ва келажак режалари аниқланди. Шунингдек, компаниянинг яратилиши ва ривожланишига ҳисса қўшган ходимларга эсдалик совғаларини топширилди.

Яратилиш ва ривожланиш тарихи

Компания ўз фаолиятини 2010 йилдан  бошлади. Ўшанда асос солинган «Akfa Lightning» – энергия тежовчи лампалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. Компания ўз олдига Ўзбекистон аҳолисининг узоқ ишлатиладиган ва ишончли ёруғлик манбаларига бўлган истеъмол талабини тўлиқ қондиришни мақсад қилиб қўйган эди. Аммо Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган лампаларга бўлган талаб, тез орада мамлакатимиздан ташқарида ҳам ошиб борди!

Ўша вақтда «Akfa Lightning»  спираль люминесцент лампалар ишлаб чиқарувчи Марказий Осиёдаги ягона компания эди. Компания томонидан ишлаб чиқарилган лампаларнинг биринчи модели: Full spiral деб номланар эди. Орадан бир йил ўтиб, 2011 йилда ишлаб чиқариш кенгайтирилди ва бозорга яна икки турдаги энергия тежовчи лампалар моделлари: «Hаlf spiral» ва «U-tube» чиқарилди. Шу нарсани қайд этиб ўтиш лозимки, 10 йил ичида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ассортименти 100 баробардан ортиққа кўпайди ва ҳозирда 300 дан ортиқ маҳсулот турлари мавжуд.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг юқори сифати «Akfa Lightning»га халқаро бозорга чиқиш ва бутун МДҲ ҳудудида лампаларни экспорт қилиш имкониятини яратди. Ўшанда лампочкалар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон ва Украинага экспорт қилина бошланди. Қўшни давлатлардаги харидорлар лампаларга яхши баҳо беришди ва бугунги кунда ҳам уларни харид қилишда давом этмоқдалар!

Бозор ва технологиялар бир жойда турмайди, шу сабабли, «Akfa Lightning» ўз ривожланиш йўлида давом этди ва 2014 йилда «LED» технологияси бўйича инновацион лампаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Айнан шу ҳолат, Компания ривожланишининг янги йўналиши ва ребрендинг сабабчиси бўлиб хизмат қилди, шу даврда компания номи ўзгарди ва бугунги кунда биз биладиган «Akfa Lighting LED» компаниясига айланди. Ребрендинг омадли ўтди ва янги ном остида компания ўз маҳсулотлари қаторини анча кенгайтирди.