Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп хитойлик ҳарбийлар билан боғланган компанияларга сармоя киритишни тақиқлади
Тақиқлов 2021 йил 11 январдан амал қила бошлайди. Вашингтонда Хитой компаниялари Хитой армиясига ёрдам бериш учун АҚШ инвестицияларидан фойдаланади деб ҳисобланмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп америкаликларга Хитойнинг ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғланган Хитой компанияларига сармоя киритишни тақиқлаб қўйди.
Ҳужжажтда таъкидланишича, Хитой ўз қуролли кучлари, разведкасини модернизациялаш ва хавфсизликни таъминлаш учун АҚШ сармояларидан тобора фаол фойдаланмоқда. Трампнинг фикрича, бу Вашингтонга ва АҚШнинг хориждаги ҳарбий контингентига таҳдид ҳисобланади, чунки Пекинга янги қуроллар ишлаб чиқишга ва АҚШга қарши киберҳужумлар содир этишга имкон беради.
Фармонда таъкидланишича, Хитой ҳукумати хусусий компанияларни ҳарбий-саноат мажмуаси ва разведкани қўллаб-қувватлашга мажбур қилади. Ушбу хусусий компаниялар, ўз навбатида, ўз қимматбаҳо қоғозларини америкалик инвесторларга сотади ва АҚШ биржаларида савдо қилади.
Шу сабабли 2021 йил 11 январдан Хитой ҳарбийлари билан боғланган компаниялар қимматбаҳо қоғозлари билан ҳар қандай битимларни амалга ошириш тақиқланади. Бу тақиқлов АҚШ ҳудудида жойлашган барча компаниялар ва жисмоний шахсларга тегишли бўлади.
Трамп ўз фармони билан қоидабузарларга қарши санкциялар киритиш имконини берувчи фавқулодда ҳолат режимини ҳам эълон қилган.
2019 йил ёзида АҚШда Хитойнинг “Huawei” компанияси хитойлик ҳарбийлар билан боғлангани ва уларга алоқа ҳамда сунъий онг тизимларини ишлаб чиқишда ёрдам бериши маълум қилинган. Шундан кейин Пентагон Хитой армияси билан бевосита ёки билвосита ҳамкорлик қилувчи Хитой компаниялари рўйхатини туза бошлаган. Ушбу рўйхатга “Huawei”дан ташқари, видеокузатув тизимлари ишлаб чиқарувчи “Hikvision” компанияси, “CRCC” концерни ва яна 28та компания киритилган. АҚШ фуқаролари рўйхатга киритилган компаниялардаги улушларини 2021 йил 11 ноябргача сотиб юборишлари белгилаб қўйилган.