Ўзбекистон | 16:20 / 14.11.2020
18454
2 дақиқада ўқилади

«ОТМнинг барчасига бир хил талаб қўя олмаймиз». Вазирлик масъули нима учун гибрид шаклдаги таълим танланмагани ҳақида гапирди

Олий таълим муассасаларида жорий ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаш билан боғлиқ масалаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилмоқда.

Унда сўз олган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов “Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги нима учун худди мактаблардагидек гибрид йўналишини танламай, буни олий таълим муассасаларининг ўзига қўйиб бергани, ҳозир аксарият таълим муассасалари биринчи ва тўртинчи курс талабаларини чақиришяпти, иккинчи ва учинчи курс талабалари қолиб кетяпти, танлаш имконияти деярли йўқ”, дея берилган саволга жавоб қайтарди.

“Бугунги кунда бизда қолиб кетяпти, деган нарса кун тартибида йўқ. Бу нотўғри гап деб ҳисоблайман. Барча курслар жалб қилинади, фақат кетма-кетликда. Чунки олий таълим муассасалари 10-15 мингта талабани бир вақтда чақириб, бир ҳафтада ҳаммасини ҳал қилиб қўйиш имкониятига эга эмас. Бу бугунги кундаги кўпгина тартибларнинг бузилишига олиб келади. Шу сабабли Олий таълим вазирлиги умумий тартибда ҳолатни белгилаб берган, лекин асосий масала олий таълим муассасаси томонидан ҳал қилинади. 

Масалан, Санъат ва маданият институти билан Тошкент давлат техника университетини солиштириб бўлмайди. Бунга бир хил талаб қўя олмаймиз. Тиббиёт академияси билан Қишлоқ хўжалиги университетини ҳам солиштириб бўлмайди. Бунга ҳам бир хил талаб қўя олмаймиз. Бу мактаб, боғча эмас. Масалан, мактабларда бир хил талаб, бир хил дарслар, ўқувчилар сони ҳам деярли аниқ. Лекин олий таълимда ундай ҳолат кузатилмайди. Мана шу талабларни олий таълим муассасасининг ўзи белгилайди. Бу талабага ҳам, олий таълим муассасасига ҳам фойда. Чунки улар тарози қачон мувозанатга келишини билади”, – дея Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид