Тўсатдан электр токи ўчиб, уй зимистонга айланса, содда халқимизнинг энг «ширин» гапи шу: «Шу «светчи»ларга ҳам инсоф берсин». Афсуски, гап фақат электр тармоқлари корхонасининг идорасида ўтириб олган тасаввуримиздаги «ажина»нинг инсофида эмас.

Узоқ йиллар давомида соҳа мутахассислари томонидан электр таъминотидаги узилишларга турлича омиллар сабаб сифатида кўрсатилган бўлса ҳам, ана шу омиллар бартараф этилмади.

Этилмади деб ишонч билан айтишимизнинг сабаби оддий — чунки бугун ҳам электр таъминотида узилишлар бор. Демак, мутахассислар айтиб келган омиллар нотўғри бўлган ёки бу омилларга ечим ортга суриб келинган.

Ўша омилларни бирма-бир санаб ўтамиз. Аввало уларнинг энг оммалашгани хусусида.

«Халқнинг ўзи айбдор» дейишни тўхтатиш керак

Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида жуда кўп марта муаммога сабаб сифатида халқнинг ўзи айбдор қилиб ҳам кўрсатилди: «Халқимизда электрдан фойдаланиш маданияти йўқ, тежаб-тергаб фойдаланмаймиз, уйни ёритиш учун ҳам, иситиш учун ҳам электрдан фойдаланиш оқибатида...»

Қизиғи, ҳали ҳам масъуллар ичида соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни тан олиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифларни илгари суриш ўрнига худди юқоридаги важни кўрсатаётганлар ҳам бор.

Хусусан, яқинда Самарқандда электр таъминоти тизимидаги муаммоларга бағишланган тадбирда вилоятда «Миллий электр тармоқлари» масъул ходими электр узилишлари сабаби хусусида худди шу фикрни билдирди. Гўёки аҳолида бошқа танловлар, масалан, табиий газдан фойдаланиш имкони бор-у, маданиятсизлик қилиб электр токи ишлатиб, уни исроф қилади. Қолаверса, бу гап дунёнинг тенг ярмида аҳоли кондиционерлардан фойдаланаётган асрда айтиляпти!

Бошқа томондан, айтайлик, сиз бозорда картошка сотиб оляпсиз ва сотувчи сизга картошкадан маданият билан, тежаб-тергаб фойдаланишни талаб қиляпти. Кулгили эмасми?

Электр энергияси ҳам биз пулимизга сотиб олиб истеъмол қиладиган маҳсулотлардан бири. Қолаверса, аҳоли ҳам уни беҳудага кўчага совурадиган даражада онгсиз эмас. Хуллас, бу омилни соҳа вакиллари аллақачон рўйхатдан ўчириб ташласалар ҳам бўлади. Аҳолини айблашни бас қилайлик энди.

Қарздорлик