Айни кунларда ижтимоий тармоқларда Қува туманида мудҳиш қотилликлар содир этилгани ҳақида турли миш-мишлар кезиб юрибди.
Шу боис биз Фарғона вилояти прокуратураси билан боғланиб, Қува туманида содир этилган жиноятлар сабабларини билишга ҳаракат қилдик. Прокуратура раҳбарияти жиноят ишларига оид маълумотларни тақдим этди.
Биринчи қотиллик
2020 йил 5 ноябр куни соат 19:00ларда Қува тумани, Саноатчилар МФЙ, Пастки Бегобод кўчаси, 55-уйда яшаган 49 ёшли аёлнинг мурдаси яшаш хонадонидан қотиллик аломатлари билан топилган.
Маълум бўлишича, 5 ноябр куни соат 16:00ларда фуқаро М.А. ўзининг турмуш ўртоғи бошқа эркаклар билан ишқий муносабатда бўлиб келаётганидан шубҳаланиб, у билан рашк туфайли жанжаллашган. Жанжал пайтида эр аёлининг чап билак соҳаси ва бўйин қисмига ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказиб, қасддан ўлдирган.
Тайинланган судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасида марҳуманинг бўйин соҳасида кўндаланг жойлашган, узунлиги 10 см бўлган, туби мушаклар билан чегараланган ҳамда чап билак кафт бўғини ички юзасида қон томирлари ва пайлари шикастланиб кесилган жароҳатлар, шунингдек, юз, кўкрак, қорин, иккала оёқ соҳаларида кўплаб қонталаш излар аниқлангани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан фуқаро М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Унга шу модда билан айб эълон қилиниб, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган.
Ҳозирда айбланувчининг руҳий ҳолатини текшириш мақсадида унга нисбатан суд-психиатрия экспертизаси тайинланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Иккинчи қотиллик
Шу йил 7 ноябр куни соат 11:00ларда Қува тумани, Иттифоқ МФЙ, Тожмаҳал кўчаси 40-уй олдида 59 ёшли М.Қ.ни 44 ёшли қўшниси А.А. ўзининг вояга етмаган қизига тегажоғлик қилганликда гумон қилиб дўппослаган. Унга ўғли М.А. ёрдам берган. Шу вақтда М.Қ. ўзининг 29 ёшли ўғли А.З.га телефон қилиб, уни қўшнилари ураётганини айтиб, ёрдамга чақирган.
Мазкур чақирувга асосан А.З. “Матиз” русумли автомашинасида Иттифоқ МФЙ Тожмаҳал кўчасига етиб келиб, отасини қўшнилари А.А. ва М.А. ураётганини кўриб, оиласи билан бир неча кунлардан буён давом этиб келаётган адоват замирида қасддан ўлдириш мақсадида автомашина тезлигини ошириб, А.А. ва М.А.лар турган томонга қараб бостириб бориб, А.А, уни ёнида бўлган ўзининг отаси М.Қ. ҳамда жанжалнинг олдини олмоқчи бўлган 35 ёшли қўшниси И.Б. ҳамда 61 ёшли Ф.Н.ларни уриб юборган.













