Айниқса, топ клублар декабр ойида ҳар уч кунда майдонга тушадилар. Дастлабки кунлардан эса, бизни бир қатор қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. «Пичоққа илинадиган»лари билан танишинг.

ВИЛЬЯРРЕАЛ – РЕАЛ МАДРИД (21 ноябр, 20:15)

Мадридликлар мавсумни у қадар ишончли бошлашмади. Турнир жадвалида «Реал» йўқотилган очколар бўйича 3-ўринда бўлса-да, сўнгги ўйинда Валенсиядаги йирик мағлубият ҳамда яқин тақвимда жамоани бир қатор оғир учрашувлар кутиб тургани Зиданнинг вазифасини янада оғирлаштиради. «Реал» кейинги 25 кун ичида 8 учрашувда майдонга тушади. Бу тўқнашувларда «Реал» ЕЧЛ даги оғир аҳволини ўнглаши, шунингдек, «Вильярреал», «Севилья», «Атлетико» ва «Атлетик» каби жамоаларга қарши майдонга тушиши керак. Мана шу масъулиятли ойда Мадрид клубининг муҳим турнирлардаги имкониятлари юзага чиқади.

«Вильярреал» мана шу синовларнинг дастлабкиси. Эмери жамоаси ёзда бир қатор эътиборли харидлар билан кучайди. Мавсум бошида «Барселона»дан мағлуб бўлгач, барча мусобақалардаги кейинги 10 учрашувни мағлубиятсиз ўтказиб, 8тасида ғалаба қозонди. Бундан ташқари, «Вильярреал» айниқса, уй учрашувларида «Реал» учун жуда ноқулай рақиб эканини ҳам эътироф этиш керак. Мадридликлар «Эстадио де ла Керамика»да охирги 5 ўйиннинг атиги 1 тасида ғалаба қозонишган, охирги уч ўйин бир хил – 2:2 ҳисобида якунига етган.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, меҳмонларда йўқотишлар анча кўп. Марказий ҳимоя эндигина изга тушган пайтда, Рамос ҳам, Варан ҳам миллий жамоа сафидаги ўйинларда жароҳат олишди ва биринчи таймда алмаштирилишди. Жароҳатларнинг қай даражада жиддийлиги маълум эмас, аммо бу ўйинда Рамос иштирок этмаслиги аниқ, Вараннинг эса тайёр бўлиш эҳтимоли жуда паст. Шунингдек, аввалроқ Менди, Одриосола, яримҳимояда Васкес, Каземиро, Валверде каби футболчилар ҳам жароҳат олишганди. Карим Бензема ҳам «Реал»га ёрдам бера олмайди. Мезбонлар сафида эса, Хайме Коста ва Хуан Фойтнинг ҳолати сўроқ остида, Алберто Морено эса, баҳоргача сафдан чиққан.

Ҳар икки клуб ҳам келаси ҳафтада еврокубокларда майдонга тушадилар. «Вильярреал» юз фоизлик натижа билан Европа лигаси гуруҳида пешқадамлик қилаётган бўлса, «Реал» юқорида айтилганидек, ЕЧЛ да анча масалани ҳал қилиши керак. Чоршанба куни Зидан шогирдларини «Интер» кутиб турибди.

ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21 ноябр, 22:30)

Жозе Пепга қарши. Ўз вақтида бу баҳс нафақат маълум бир чемпионатнинг, балки бутун Европанинг асосий қарама-қаршилигига айланганди. Мураббийларнинг нафақат ютуқлари, балки футболга бўлган муносабати, характери ва ғоялари томонидан ҳам бу икки шахс гўёки икки қутбга айланганди. Ҳозирда Англияда Пепни кўпроқ Клопп билан қиёслашмоқда, аммо «Тоттенҳэм»нинг сўнгги пайтлардаги ишончли ўйинлари ва аксинча, «Манчестер Сити»даги баъзи муаммолар туфайли, бу ўйин ҳам жуда қизиқарли ва шиддатли ўтиши кутилади. Шу йилнинг февралида лондонликлар ғалаба қозонганликлари, одатий равишда Моуриньонинг иккинчи мавсумлари анча муваффақиятли кечишини ҳам инобатга олсак, «Тоттенҳэм» томонига яна бир-икки танга ташланади. Умуман сўнгги икки йилни олсак, «Тоттенҳэм» ўтган мавсумда 4 очко олишга муваффақ бўлди, Чемпионлар Лигасида «шаҳарликлар»ни чиқариб юборди.