Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябр куни Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишди.

«Тошкентда аҳоли ҳам, транспорт воситалари ҳам кўпайиб бормоқда. Охирги 10 йилда шаҳарда автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага, яъни 2 баравар ошган. Шунга мос равишда транспорт инфратузилмаси ҳам ривожлантирилмоқда. Янги йўллар, кўприклар, ерусти метроси қурилмоқда.

Хусусан, жорий йилда Тошкент метрополитенининг «Юнусобод» йўналишида 2 та станция ҳамда ерусти ҳалқа йўлининг биринчи босқичи ишга туширилди. Жамоат транспортида 56 та йўналиш мақбуллаштирилди. Булар натижасида 170 минг аҳолининг транспорт хизмати яхшиланди, уларнинг транспортга кетадиган вақти ўртача 15-20 минутга қисқарди.

Лекин пойтахтимиз кўчаларида юклама кўп, йўл ҳаракатини тартибга солишда камчиликлар етарли. Транспорт воситалари тирбандлиги йилдан йилга ортиб бораётир», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг пойтахтда жамоат транспорти тизими ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича берган топшириғи асосида, шаҳар кўчаларидаги муаммолар комплекс ўрганиб чиқилган. Геоинформацион тизим орқали транспорт ва йўловчилар оқими тадқиқ қилинган.

23 ноябрдаги тақдимотда ана шу таҳлиллар натижалари ҳақида президентга ахборот берилган.

«Тошкент шаҳрида 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини тезкор ўтказиш даражаси паст. Автомобил тўхташ жойлари етишмаслиги сабабли йўлнинг биринчи қаторида машиналар йиғилиб, қатновга халақит бермоқда. Ҳайдовчилар учун маълумот белгилари ҳам етишмайди. Пиёдалар ва велосипедлар ҳаракати учун қулайлик кам.

Шу каби комплекс таҳлиллар асосида Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмаси ва жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш бўйича бош режанинг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Хусусан, пойтахтдаги 24 та йирик чорраҳанинг ҳаракатланиш тартибини оптималлаштириш, бу орқали ўртача тўхташлар сонини 71 фоиз ва вақтини 48 фоиз, тирбандликни 64 фоиз, ёқилғи сарфини 34 фоизга камайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган», – дейилади расмий релизда.

Таъкидланишича, тақдимотда Шавкат Мирзиёев йўловчи ташиш хизматларидан аҳоли мутлақо норози эканини таъкидлаган.