Ўзбекистон | 16:00 / 25.11.2020
16033
4 дақиқада ўқилади

«100 фоиз электр энергияси ўчмайди, деб ҳеч кимни алдамоқчи эмасмиз» – Улуғбек Ҳакимов

 “Ҳудудий электр тармоқлари” мутахассиси Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида электр энергияси кучланишининг ўта пастлигига доир саволга жавоб берди.

 24 ноябр куни “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари бўйича матбуот анжумани ҳамда пресс-тур бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ электр тармоқларидан фойдаланиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Ҳакимов Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида электр энергияси кучланишининг ўта пастлигига доир саволга жавоб берди.

“Энергетика тизимимизда электр энергияси истеъмолининг минимум ва максимум деган тушунчалари бор. Республикадаги истеъмол миқдори сутка давомида ўзгариб туради. Тунги минимум одамлар уйқуга ётганда бошланади, эрталаб ҳамма уйғониб ишга ёки ўқишга кетгунга қадар эрталабки максимум вақти бўлади. Шундан сўнг кун давомида барқарорлик кузатилади, ҳамма ишдан қайтадиган соат 18:00дан эса кечки максимум бошланади. Бу вақтларда энергия истеъмоли анча ошади. Бунда энг асосийси, трансформаторларимизда ортиқча юклама бўлмаслиги ва кучланиш тушиб кетмаслиги учун “идеал чизиқ”ни топиб олишимиз керак.

Улуғбек Ҳакимов

Ҳозир мана шу максимум вақтларда электр истеъмоли кескин ортмоқда. Бу халқимизнинг яшаш шароитлари ортиши билан боғлиқ. Олдинлари битта хонадонда биттадан телевизор ва холодилник бўлган бўлса, ҳозирда телевизорлар, микротўлқинли печ, интернет воситалари ва бошқа кўплаб қулайликлар мавжуд.

Биз бу йўналишда ишларни давом эттирамиз, кучланиш пасайишининг олдини олиш учун 80 мингта трансформаторга тенг тақсимлашимиз керак ёки тармоқларни бўлишимиз керак. Бошқа йўли йўқ. Қаерда энергия истеъмоли ошмоқда, қаерга кўпроқ урғу беришимиз керак, қайси трансформаторни алмаштиришимиз керак – бу йўналишларда АСКУЭ тизими бизга онлайн таҳлилни бериб боради.

Бу [АСКУЭ тизими] фақат қарздорни ўчириш ёки пул йиғиб олиш учун эмас, бизга ҳам мукаммал кўмакчи, ҳам шаффоф тизим ҳисобланади”, – дейди Улуғбек Ҳакимов.

Улуғбек Ҳакимов “Сифатсиз электр энергияси учун унинг нархларини камайтириш керак эмасми? Нега Тошкентда ёруғ ва доимий электр энергиясига эга бўлган аҳоли билан чекка ҳудудлардаги аҳоли сифатсиз, хира ва доимий ёнмайдиган чироқ учун бир хил пул тўлаши керак?” деган саволларга ҳам жавоб қайтарди.

“Асосий мақсадимиз ҳам шу – биринчи навбатда сифат кўрсаткичини ошириш, лекин 100 фоиз электр энергияси ўчмайди, деб бугунги кунда ҳеч кимни алдамоқчи эмасмиз. Ходимларимиз тун-у кун навбатчиликда туриб узилишлар давомийлигини қисқартириб, электр энергиясини етказиб бериш устида иш олиб бормоқда. Балки биз ишимизни кўрсата олмаётган бўлишимиз мумкин, лекин орқамиздаги 25 минг кишилик армиямиз қорли-қировли кунларда ҳам қаерда авария бўлса ўша ерга бориб муаммоларни ҳал қилмоқда”, – деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутахассиси.

Лекин сифатсиз электр энергияси учун тўланадиган маблағ миқдори ҳақидаги савол очиқ қолдирилди.

Мавзуга оид