Жаҳон | 08:38 / 25.11.2020
6846
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШ президенти сайловлари тарихида энг кўп овоз тўплади

Фото: AP

Жо Байден АҚШдаги президент сайловларида 80 млндан кўпроқ овоз тўплаган тарихдаги биринчи номзод бўлди. АҚШнинг кўплаб штатлари ҳали овозларни ҳисоблашни давом эттирмоқда, бироқ NBC телекомпанияси маълумотларига кўра, айни вақтга келиб Байден учун 80 млн 11 мингдан кўпроқ киши овоз берган.

АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трамп эса 73 млн 881 мингдан кўпроқ овоз тўплаган.

Аввалроқ Associated Press ахборот агентлиги АҚШ ОАВ томонидан президент сайловлари ғолиби деб эълон қилинган Байден сайловларнинг эртаси куниёқ 70 млн америкалик томонидан қўллаб-қувватланганини маълум қилган. АҚШ тарихида ҳали бирорта номзод бунчалик кўп овоз тўплай олмаган. Аввалги рекорд кўрсаткич Барак Обамага тегишли бўлган. Уни 2008 йилдаги сайловларда 69,4 млн америкалик қўллаб-қувватлаган. 

Трамп ҳам 70 млндан кўпроқ овоз тўплаб президентлик сайловларида мағлубиятга учраган номзод сифатида рекорд ўрнатган. 

Шунингдек, жорий сайловлардаги давомат ҳам рекорд даражада бўлган. Уларда сайлаш ҳуқуқига эга америкаликларнинг 65 фоизга яқини иштирок этган ва бу 1908 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.   

Бироқ Трамп ҳозирча ўз мағлубиятини тан олмаяпти ва судлар орқали ғалаба қозонганини исботлашга уринмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид