Жамият | 17:04 / 26.11.2020
21911
3 дақиқада ўқилади

Чилонзорда эксперимент тариқасида газ уланмаган 48та хонадон 5 кун электрсиз қолди

Чилонзор туманининг Шароф маҳалласида жойлашган, тажриба тариқасида табиий газ билан таъминланмаган кўп қаватли уй 5 кун давомида электр энергиясидан ҳам узилиб қолди. Аҳоли мурожаатидан сўнг, уйга вақтинчалик электр линияси тортиб берилди.

24 ноябрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани сектор раҳбарлари сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Сайёр қабулда туманнинг Шароф маҳалласи фуқаролари ўзлари яшаётган кўп қаватли уйдаги 48 та хонадонда 5 кундан буён электр энергияси йўқлигини маълум қилди.

Дилфуза Мирзааҳмедова

«Маҳалламиздаги бир нечта уй эксперимент учун танлаб олинган: газ уланмаган, ҳамма нарса электрда. Бу уйларда электрсиз ҳаёт тўхтайди – на чой ича оласиз, на овқат ея оласиз...

Бугун бешинчи кун, светсиз ўтирибмиз. Ёқишади, отиб юборади; ёқишади, яна отиб юборади. Электр тармоқларига мурожаат қилдик. «Бу бизнинг ишимиз эмас, «ЖЭК»нинг иши», дейишди. «ЖЭК»дагилар келиб улашса, яна отиб юборяпти. Шу уйдаги 48 та хонадан электрсиз ўтирибди», – дейди фуқаро Дилфуза Мирзааҳмедова.

Чилонзор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Баҳодир Холбоевнинг изоҳлашича, ҳозирги шароитда электр энергиясига талаб ошиши оқибатида кучланиш юзага келиб, қисқа туташув юз берган.

Баҳодир Холбоев

«Мурожаат қилишган заҳоти бригадамиз билан келиб, вазиятни ўргандик. Муаммо ер остидан ўтган симларда эканини аниқлаб, аҳоли чироқсиз қолиб кетмаслиги учун вақтинча сим билан улаб бердик. Кўп ўтмай, бу сим ҳам эриб кетди. Беш марта уладик, аммо барибир орадан бироз ўтиб, яна шу ҳолат такрорланяпти.

Орада қаердадир сим эриган ва ёпишиб қолган. Бунинг учун бутун уйдаги электр билан боғлиқ симларни текшириб чиқиш керак. Шу нуқта топилгач, муаммони ҳал қилиш мумкин. Бу – битта бизга боғлиқ ҳолат эмас. Биз шу хонадонгача бўлган жойда тегишли ёрдамни берамиз, лекин уй ичида хизмат кўрсатишга ҳаққимиз йўқ. Муаммо эса уй ичида бўлиши мумкин.

Бу уйга хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати жавоб бериши, фуқаролар улардан талаб қилишлари лозим. Ширкатлар ҳам ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарамасдан, аҳолига қулайлик яратишда ёрдам беришса, яхши бўларди.

Бу муаммони ўз вақтида бартараф қилиш керак. Биз улаб беряпмиз, аммо ёнғин чиқиши ҳам мумкин. Чунки ширкатнинг энергетикага масъул ходими буни қабул қилишга тайёр эмас», – деди Чилонзор туман ҲЭТК раҳбари.

Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов

Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов сайёр қабулда муаммо шу куниёқ ҳал қилиниши лозимлигини айтди.

Мурожаатчи фуқаро Дилфуза Мирзааҳмедованинг 26 ноябрь куни Kun.uz мухбирига маълум қилишича, 24 ноябрдаги сайёр қабулдан сўнг шу куни хонадонларга вақтинчалик электр линияси тортиб берилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид