Ҳақдорнинг ҳақини бермаслик – на виждонга, на қонунга тўғри келади. Аммо Ёшлар иттифоқи учун бу қадрият бегонадек кўринмоқда.

Сиз суратларда кўриб турган ушбу бино қурилишида ўнлаб уста-қурувчилар қатнашган. Ғишт терувчи, чилангар, сувоқчи, эшик-ром устасидан тортиб электриккача. Уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор. Улар рўзғор тебратиш дардида шу қурилишда ишлаган эди. Аммо...

«Ҳақимни ундиришга суд қарори ҳам ёрдам бермаса...»

Жиззах вилояти марказидаги Ёшлар марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ шуғулланган. Бинонинг қуриб-битказилиб, фойдаланишга топширилганига ҳам қарийб бир йил бўляпти.

Объектнинг жами қиймати 14 млрд 343 млн сўмни ташкил этади. Ушбу сумманинг 5 млрд 446 млн сўми қурувчи тадбиркорга тўлаб берилган холос. Қарийб 9 млрд сўмни ундиролмай қурувчининг жони ҳалак.

Бу орада бир неча марта иттифоқ билан судлашишга ва ҳақлигиданки ютиб чиқишга ҳам улгурди. Бу ҳақда Kun.uz жорий йил май ойида, «Ёшлар иттифоқи қурувчи тадбиркорнинг 10 млрд сўм ҳақини бермаяпти» сарлавҳали мақола ҳам эълон қилган эди.

Дастлаб корхона Тошкент туманлараро иқтисодий судига «Yoshlar qurilish invest» МЧЖдан 10 млрд 473 млн сўм маблағни ундириш бўйича даъво аризаси киритади. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 28 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилади ва «Yoshlar qurilish invest» МЧЖдан «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ фойдасига 10 млрд 473 млн сўм асосий қарз ва 160 млн сўм пеня ундириш белгиланади.

Аммо жавобгар томон қарордан норози бўлиб судга кассация тартибида шикоят киритади. Kun.uz мухбири мазкур суд жараёнларини бевосита кузатди.

Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ва «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ вакиллари судга илтимоснома киритиб, бажарилган ишлар бўйича жами суммага эътирозлари борлигини, қурилиш ишлари бўйича назорат ўлчови тайинлашни, назорат ўлчови қанчага хулоса қилса, ўшанча суммани тўлаб беришга тайёр эканликларини билдиришган.

Илтимоснома қаноатлантирилиб, қурилиш ишлари бўйича назорат ўлчови тайинланади ва уни ўтказиш «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг мутахассисларига юклатилади. Назорат ўлчови қарийб 3 ой давом этади ва ниҳоят ҳақиқатда бажарилган иш