Ўзбекистон | 11:58 / 30.11.2020
15852
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда уй-жой мулкдорлари ширкатлари тугатиляпти

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қашқадарё вилоятида уй-жой мулкдорлари ширкатлари тугатилмоқда. Бу ҳақда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда ёзилишича, Қашқадарёда жами 1903 та кўп квартирали уйлар бўлиб, уларга 161 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Ширкатларга, умумий жойлар, мавжуд коммуникация тизимлари ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни яхши ҳолатда сақланишини назорат қилиш ҳамда кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш юклатилганига қарамасдан, улар ўз вазифасини қониқарли бажара олмаган. Оқибатда, вилоятдаги аксарият кўп қаватли уйларни том ва ертўла қисми, коммуникация тизимлари, болалар майдончалари ҳамда унга туташ ҳудудлар оғир аҳволга тушиб қолган.

Бундан ташқари, ширкатлар ишончни йўқотгани сабабли аҳоли мажбурий бадаллар ва тўловларни тўламай қўйган. Шу туфайли аҳолининг қарздорлиги 3,5 миллиард сўмдан ошиб кетган. Зарур маблағларнинг ўз вақтида йиғилмаслиги ширкатлар томонидан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифати янада ёмонлашишига олиб келган. Ширкатлар ўз вазифасини тўлақонли бажара олмагани учун кўп қаватли уйларни таъмирлаш маҳаллий бюджет зиммасига тушган.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятидаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишда, 2019 йил 7 ноябрда қабул қилинган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонунида белгиланган тартибда аҳоли розилиги билан Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жорий қилинган тажриба кенг қўлланилади. Биринчи навбатда, Қарши шаҳридаги 694 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатаётган уй-жой мулкдорлари ширкатлари тугатилиб, ўрнига 10 та бошқарув сервис компаниялари ташкил этилади. Бугунги кунда ушбу режани амалиётга татбиқ этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган. Маълум қилинишича, айни кунларда ҳудудларда аҳоли билан бошқарув сервис компанияларини ташкил этиш бўйича учрашувлар ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид