Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган вақтдан буён доимо жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган. Муқаддам коммунал соҳадаги муаммоларга ечим топиб, асосан тўловлар билан шуғулланиб келган бу идора, эндиликда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини қатъий ва самарали бажариши лозим бўлмоқда.

Президент томонидан жорий йилнинг 24 ноябрь куни «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6118-сонли фармони қабул қилинди.

Хўш, ижро ишлари бўйича амалдаги ишлар қандай кетмоқда? Эндиликда МИБ фаолиятида нималарни кузатамиз? Kun.uz янги фармонга оид ўзгаришлар юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Ҳасан Кабиржонов билан суҳбатлашди.

– Ҳасан Муротович, янги лавозимда иш бошлашингиз соҳага оид янги фармон қабул қилинишига тўғри келди. Шунингдек, бюро фаолиятида бу йил кўп ўзгаришлар бўлди, жорий йилнинг 1 август кунидан коммунал соҳадаги тўлов вазифаларингиз бошқа идораларга ўтди, ходимлар сони ҳам анча қисқарди. Бу бюро фаолиятига қандай таъсир қилди?

– Ҳақиқатан ҳам, соҳамизда бу йил кўпгина ўзгаришлар содир бўлди. Жорий йилнинг 18 июнь куни давлатимиз раҳбарининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан соҳамиздаги газ ва электр учун тўловларни қабул қилиш бўйича вазифа ва функциялар Энергетика вазирлиги зиммасига ўтиши, ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан кўрсатилган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундириш механизми амалга оширилиши назарда тутилди.

Шунга мувофиқ, ходимлар сонида ҳам қисқаришлар бўлди. Аммо фаолиятимиз давом этмоқда. Йўналишимиз эндиликда аниқ ҳамда суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш вазифа-функцияларини бажаради.

– Янги фармондан сўнг фаолиятингизда қандай ўзгаришларни кутсак бўлади?

Мажбурий ижро бюроси органлари эса, суд ҳамда бошқа орган ҳужжатларини ижро этади ва амалда одил судловни таъминлашга хизмат қилади. Бироқ, ишларимизни жадаллаштириш билан бирга, камчиликларни ҳам бартараф этиш муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Кенгроқ ёндашадиган бўлсак, ёдингизда бўлса, 17 ноябрь куни президент раислигида суд ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда Мажбурий ижро бюросига бир қатор аниқ ҳамда муҳим топшириқлар берилган эди.