1 декабрь куни халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг ХII сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг яқинда тайинланган прокурори Бахтиёр Аҳмедов ҳудуддаги коррупция ҳолатларига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Унинг айтишича, ўтган икки йилда вилоятда жами 200 нафарга яқин шахс (шундан 138 нафари мансабдор шахс) коррупцион жиноятлар содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Ушбу муддатда 67 та порахўрлик, 4 та мансабни суиистеъмол қилиш, 8 та мансаб сохтакорлиги, 97 та бюджет маблағларини талон-торож қилиш, 13 та мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан фирибгарлик қилиш ҳолатлари кузатилган.

Содир этилган коррупциявий жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 16 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган, деди прокурор.

Унга кўра, бюджет пулларини талон-торож қилиш ҳолатлари, асосан халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш, энергетика, маҳалла, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда банк соҳаларига тўғри келмоқда.

Фото: «Дўстлик байроғи» газетаси

Молия бўлими

«Бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органлари ўзларига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажармаяпти ёки ўзлари бу маблағлар талон-торож қилинишига кўмакчи сифатида иштирок этишмоқда.

Масалан, Навбаҳор туман молия бўлими бошлиғи ўринбосари – давлат мақсадли маблағларини назорат қилиш шўбаси бошлиғи О.Очилов тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда Халқ банки туман бўлими ходимлари билан бирга 116 нафар фуқаронинг хабарисиз, улар номига ижтимоий нафақаларни расмийлаштириб, 646 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган», – деди Бахтиёр Аҳмедов.

Банклар

Маълум қилинишича, Навоий вилоятида ўтган икки йилда тижорат банкларининг 30 нафарга яқин мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Биргина, 2019 йилда тижорат банклари томонидан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилгани бўйича, айбдорлардан 2,1 млрд сўмлик зарар ундирилиб, банк ходимлари ва уларнинг жиноий шериклари бўлган 46 нафар шахснинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган.