Бировга кўмак бериш масаласида мусулмон киши нима қилиши керак? Ҳолатига қарасин, унга ёрдам қилсин ва бу доимо моддий кўринишда бўлиши шарт эмас, дейди андижонлик Рустамжон домла Ҳамидов.

Балиқчи туманидаги Оққўрғон масжиди имоми Рустамжон Ҳамидов Kun.uz’га берган интервьюсида хайрия ва муҳтожларга ёрдам бериш масаласида мулоҳазасини билдирди.

Айни пайтда кимдир хайрия учун муҳтожликдан ёрдам сўраса ёки илтимосини билдирса, одамлар хайрия сўраган муҳтож одамга нисбатан танқидий кўз билан қарашни ўрганди. «Ўзининг икки қўли борку, ишламайдими, нима учун меҳнат қилиб пул топмайди» ёки «бу тиланчими», деган маънода қарашяпти. Сиз бундай муносабатга қандай баҳо берасиз?

— Бир оддий диндор сифатида мен Қуръони каримга амал қиламан. Қуръони каримда бир оят бор: «Эй, одамлар бир-бирларингга яхшиликда ёрдам беринглар». Ёрдам сўраш масаласида келган одамга мусулмон киши нима қилиши керак? Ҳолатига қарасин, унга ёрдам қилсин, пул билан эмас...

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай сўраб келган одамга нима деганлар? «Сен нима қила оласан? Уйингда сотгани бирор нарса борми?» Қаранг, шу одамнинг эр-хотин ёпиниб ётадиган нарсаси бор экан. Уни расулуллоҳ сотиб юбордилар. Сотиб туриб, бир болта олиб бердилар. Худо барака берсин, деб дуо қилдилар. Болта билан ўтин қилиб, бозорга олиб бориб сотадиган қилдилар.

Мусулмон киши бошқа бир мусулмонга ёрдам сўраб борди. «Қорним оч қолди, уйимда нарса қолмади», дедими, нариги одам овқат берса, овқат берсин-да, энди буни сўрамайдиган қилиб қўйсин. Шу одамнинг қандай касби бор, қандай қилсам, иши юради?

Биз асосан етим болалар билан ишлаймиз. Моддий ва маънавий таъминоти билан шуғулланамиз. Бизга кўп савол бўладики, бу билан уни танбал қилиб қўймайсизми? Мен айтаман: «Сиз ишлайсиз-а? Уйда аёлингиз, уч нафар болангиз бор. Ишлаб, пул топиб, уларга озиқ-овқат олиб келасиз. Улар танбал бўлмайдими?» Бизнинг болалар ҳаммаси ёш болалар, етим болалар. Уларга ҳозир озиқ-овқат, кийим-кечагини қилиб берамиз-да, сал ёши катта бўлишни бошладими, ҳунарга, ўқишга берамиз. Оналарида нима ҳунар бор? Қишлоқда чок тикадиган аёлларимиз кўп. Чок машина, пишириқ пиширадиган олиб берадиган ёки кўрпа-тўшак тикадиган аёллар бўлса, шунга дастмоя берадиган. Бу нарса албатта йўлга қўйилиши керак.