Бельгия шимолидаги дарёда сузиб бораётган кемани юргизаётган ёнилғи кемасозликда янги уфқ – заҳарли газларсиз транспорт умидини бермоқда.
Кройбеке ва Антверпен шаҳри ўртасида қатновчи сиғими 16 йўловчи бўлган Ҳидровил (Hydroville) кемаси водородда ҳаракатланади. Ҳидровил 3 йил аввал дунёдаги водородда ҳаракатланувчи илк йўловчи кемаси бўлганди. Унинг гибрид двигатели кема водородда ҳам, дизелда ҳам суза олишини таъминлайди.
«Бунга ҳали эҳтиёж бўлмаса-да, бугуноқ бошлашимиз керак, деб қарор қилдик», дейди CMB компанияси директори ва Ҳидровил эгаси Рой Кампе. «10 йилдан кейин карбонат ангидрид чиқармайдиган кема ясай олишимиз учун бу ишни бугун бошлашимиз шарт эди. Бу бир ҳаракат билан ёқиладиган чироқ эмас ахир», дея сўзларини давом эттиради Рой.

CMB водородда сузувчи бошқа кемалар ҳам қуришга киришган. Японияда 2021 йилнинг аввалида сувга туширилиши мўлжалланган Ҳидровилдан каттароқ 80 йўловчилик кема шулар жумласидан.
«Кичик кемалар сектори янги технологияларни йирик тижорий кемаларга жорий қилишдан аввал тажриба ўтказишга қулай майдондир», дейди Smart Green Shipping Alliance асосчиси Диана Гилпин.
2050 йилга бориб кемалардан чиқаётган заҳарли газлар миқдорини камида 50 фоизга камайтиришга умид қилинмоқда. Аммо бу борада ишлар секин кетаётгани учун кўзланган мақсад ҳали йироқ.
Кемани сувга тушириш анча қувват талаб қилади. Жаҳонда савдо ҳажми ортиб боргани сайин янги кемалар ҳам кўпайиб боради. Карбонат ангидрид гази эмиссиясини камайтириш учун самаралироқ дизайндан фойдаланиш, шамолни энергияга айлантириб берувчи технологиялар жорий қилиш, ёнилғини тежаш учун секинроқ ҳаракатланиш ёки шунчаки камроқ юк ортиш мумкин.
Лекин модомики карбонат ангидрид газидан тўлиқ воз кечишни истасак, чиқиндили ёнилғи турларидан тўла воз кечиш керак.

CMB компаниясининг водород лойиҳаси дунёдаги ягона яшил лойиҳа эмас. Қатор компаниялар ҳам нафақат водород, балки аммоний ва метанолда ҳаракатланувчи лойиҳалар устида ишлашмоқда. Бу каби синтетик ёнилғи турлари билан бир қаторда қуёш ё шамолдан қувватланувчи батареялар ҳам узоқ истиқболда соф экологик ечимлар бўлиши мумкин.





















