Пойтахт минтақасидаги иссиқхоналар томонидан экологик тоза технологиялар асосида «яшил» иссиқхоналарга айланиш шарти билан фаолиятини давом эттиришга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабарида айтилади.
«Пойтахт минтақасида тунги вақтда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва шамолсиз об-ҳаво шароитида атмосферада инверсия табиий ҳодисаси кузатилиши натижасида кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар бўйича фуқароларнинг мурожаат ва шикоятлари кўпайган. Жумладан, Юнусобод тумани аҳолиси атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашгани, шунингдек, иссиқхоналарни иситиш мақсадида кўмирдан фойдаланиш оқибатида юзага келадиган нохуш ҳидлар ҳақида хабар берган», – дейилади хабарда.
Фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган барча ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлар томонидан воқеа жойига чиққан ҳолда тегишли ўрганиш ишлари олиб борилган. Тошкент шаҳри атмосферасига ифлослантирувчи моддаларни чиқараётган шахсларга нисбатан зудлик билан қатъий чоралар кўриш учун ишончли маълумотларни олиш мақсадида ҳаводан намуналар олинган.
Махсус комиссия Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси ҳолатига турли антропоген манбаларнинг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Уларнинг асосийлари саноат корхоналари, автотранспорт воситалари (электробуслар ва электромобиллар бундан мустасно), Тошкент шаҳрининг иситиш тизими, куз-қиш мавсумида эса пойтахт минтақасидаги аҳоли яшаш ҳудудларига яқин жойлашган иссиқхона хўжаликларидир.
Таъкидланишича, иссиқхона хўжаликлари вакиллари амалдаги объектларни модернизация қилиш, экологик тоза иситиш технологияларига ўтиш ва экологик хизматлар томонидан белгиланган меъёрларга мувофиқ чиқиндилар миқдорини хавфсиз даражагача камайтиришга тайёрлигини билдириб, бир неча бор мурожаат қилган.
Иссиқхона хўжаликлари томонидан энергия тежамкор технологияларга ўтиш, шунингдек, замонавий иситиш тизимлари билан қайта жиҳозланиш ва атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни онлайн режимда мониторинг қилиш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Жумладан, иситиш тизимларига эга бўлган ҳамда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган иссиқхона хўжаликлари фаолиятини табиий газ, шу жумладан, суюлтирилган газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш таклиф этилмоқда.














