Жаҳон | 11:38 / 07.12.2020
24795
3 дақиқада ўқилади

Бангладеш роҳингяларни оролга жўнатди. Бу ерда уларнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг жараённи тўхтатишга чақириқларига қарамасдан Бангладеш расмийлари жума куни 1500дан ортиқроқ роҳингя мусулмонларини изоляцияланган оролга жўнатишди.

AP Photo/Saleh Noman

The Guardian нашри исмини ошкор қилишни истамаган расмийга асосланиб ёзишича, 1642 нафар қочқин Бангладеш флотига тегишли 7 кемада Читтагонг портидан Башан Чар оролига олиб борилган.

Уч соатлик сафардан кейин оролга етиб борилган. Бу орол бир пайтлар муссон ёмғирлари сабаб сув остида қолганди. Эндиликда оролда иҳота деворлари, уйлар касалхоналар ва масжидлар мавжуд. Бунинг учун Бангладеш ҳукумати 112 миллион АҚШ доллари сарфлаган.

Мамлакатнинг асосий қисмидан 34 километр узоқликда жойлашган бу орол 20 йил аввал ўзлаштирилган ва унда шу кунгача одам яшамас эди.

Қочоқлар билан оролга борган бангладешлик журналист Солиқ Нўъмоннинг айтишича, қочоқлар оролга етиб боргач, аввал тана ҳароратлари ўлчанган. Кейин уларга тушликка гуруч, тухум ва товуқ гўшти берилган. Кемага чиқишларидан олдин уларга коронавирусдан ҳимояланиш мақсадида ниқоблар ҳам берилганди.

Оролдаги шароитлар 100 000 кишига мўлжалланган. 100 000 - Мьянмадаги тазйиқлардан қочиб, Кокс бозор даҳасида ниҳоятда гавжум қочоқлар лагерида яшаб келаётган миллионга яқин роҳингя мусулмонларининг ўндан бири, холос.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қочоқлар оролга кўчиш масаласида «эркин қарор» қабул қилишлари кераклигини айтиб хавотирини билдирган.

Башан Чардаги инфратузилмани ривожлантириш директори коммодор Абдуллоҳ ол-Маъмун Чоудури қочоқларнинг хавфсизлиги бўйича хавотирга ўрин йўқ, деб айтган.

У, шунингдек, БМТ ва бошқа ташкилотлар вакиллари оролга бориб, барчасига гувоҳ бўлишлари мумкинлигини айтган. Халқаро ташкилот вакиллари оролга қачон боришлари мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан «ҳукумат бу масала устида ишлаётгани» айтилган.

Хорижий ОАВ вакиллари оролга боришига рухсат берилмаган.

AP Photo/Saleh Noman

БМТ ва бир қатор халқаро ташкилотлар қочоқларнинг оролга кўчирилишига қарши бўлишига бир неча сабаблар бор.

Уларнинг биринчи ва энг асосийси – орол муссон ёмғирлари туфайли тўфон остида қолиб, минглаб одамлар ҳаёти жиддий хавф остида қолишидир.

Ундан ташқари, халқаро экспертлар қочқинлар оролга кўчишга мажбурланишига қарши бўлишган.

Amnesty International ва Human Rights Watch эса, чоршанба куни қочқинлар кўчирилишига бутунлай қарши чиқиб, Бангладеш ҳукуматидан бу режани бекор қилишни талаб қилишганди.

Кокс Бозор шаҳарчаси яқинидаги қочқинлар лагери ҳозирда тўлган ва гигиеник жиҳатдан хароб аҳволда. Қочоқлар орасида касалликлар ва жиноятчилик авж олган. Таълим чекланган ва ишлаш имкони йўқ.

AP Photo/Saleh Noman

Шундай бўлса-да, роҳингя мусулмонлари ватанлари Мьянмага қайтишни исташмаяпти.

2018 йилда БМТ шафелигида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Мьянманинг бир неча юқори даражадаги ҳарбийларини геноцид, ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айблашган эди.

Нидерландия ва Канададаги Ислом Кооперацияси Ташкилоти ёрдамида Гамбия Мьянмани Ҳаага судга берган ва бу иш кўриб чиқиляпти.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид