Маълумки, гўшт ва сут маҳсулотларини етиштиришни қўллаб-қувватлаш қишлоқ хўжалигининг алоҳида соҳаси гарданида. Тўғриси, чорвачилик дея аталмиш соҳани узоқ йиллар давомида эътиборсиз қолдирдик, ҳисоб. Шунинг учун гўшт маҳсулотлари нархи йил сайин қимматлашиб бормоқда.
Чорвачиликнинг барқарор ривожланиши қатор омилларга боғлиқ. Биринчи навбатда соҳага эътибор зарур. Ем-озуқа базаси, наслчилик, кадрлар етиштириш масалалари, буларнинг ҳар бири муҳим.


Наманган вилояти Поп туманида фаолият олиб бораётган “Поп чорва” фермер хўжалиги раҳбари Зайлиддин Қўшаловнинг Австрия давлатидан олиб келган “Симментал” зотли қорамоллари айни дам оғир аҳволда қолган. Туман ҳокимлиги бир йилдан бери озуқа етиштириш учун ер майдони ажратиб бермаётгани оқибатида қорамоллар қуруқ сомон билан озиқланяпти.


Чорвадорнинг 2019 йили Европа давлатидан олиб келган 16 бош наслли қорамоллари бир йил ичида 32 бошга етган. Бундан ташқари фермер хўжалигида 700 бош қўй ва эчки боқилмоқда. Бироқ, хўжаликнинг озуқа етиштириш учун умуман ер майдони йўқ.

“2019 йили туманимиз ҳокими билан маслаҳатлашиб Австрия давлатидан шартнома асосида 16 бош наслли қорамол олиб келдик. Ҳозирги кунда қорамолларим сони 32 бошга етди. Лекин озуқа базасини бойитиш мақсадида туман ҳокими олдига бир неча марта мурожаат билан кириб, ижобий жавоб ололмаяпман. Озуқа етиштириш учун ер майдони ажратилмаяпти.
Ҳоким, “Ер ажратиб берамиз”, дейди натижадан эса дарак йўқ. Бир йилдан буён алданиб юрибмиз. Қорамолларнинг рацион бўйича озуқаси йўқ. Етарли емиш бўлмаса, наслчиликни ҳам йўлга қўйиб бўлмайди. Ҳозиргидек сомонни еяверса, туёқларимиз нобуд бўлади. Айни пайтда ўзимнинг захирам билан боқиб турибман”, дейди чорвадор.


























