Ўзбекистон давлат ташқи қарзи аслида қанчани ташкил этади? Нега хусусий ташқи қарз ҳисоботларда давлатнинг ташқи қарзидан ажратилган?
Ўзбекистон ташқи қарзи 27 миллиард долларли чегарадан ўтди, бу ўсиш келгуси йилда ҳам кузатилади. Жорий йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистон ташқи қарзи 27,6 миллиард долларни ташкил этган. Шундан, 17,5 миллиард доллар қисми давлатнинг ташқи қарзи бўлиб, 10,1 миллиард доллар ташқи қарз хусусий сектор зиммасига тўғри келган.
Иқтисодчи Одил Олимжонов Kun.uz’га берган интервьюсида ташқи қарз ва унинг турларини қуйидагича ифодалайди:
«Ташқи қарз – бирор-бир мамлакат бошқа мамлакатдан ёки бошқа мамлакатдаги компаниялардан, банклардан, хусусий ташкилотлардан оладиган қарз ҳисобланади. Ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарз. Кўпинча бу иккисининг фарқини тушунмасдан умумий қарз ҳақида гап кетади. Бу нарса бир тарафдан тўғри. Аммо бошқа тарафдан унчалик тўғри эмас. Чунки Ўзбекистоннинг бир компанияси хусусий йўл билан, қайсидир соҳа бўйича, четдан қарз олган бўлса, қарз масъулияти ўша компаниянинг зиммасида бўлади», — деган у.

Ҳақиқатан, ҳукумат кафолати остида ёки давлат олган қарзлар давлатнинг ташқи қарзлари ҳисобланади. Булар қўшилиб, яъни давлат қарзи билан хусусий капитал қарзи қўшилиб, умумий ташқи қарз тушунчасини ҳосил қилади.
Айни пайтда, хусусий секторга хориждан жалб этилган қарзнинг 45 фоизи банк, 44 фоизи эса нефт-ёқилғи секторига тўғри келади. Яъни расмийлар хусусий ташқи қарз сифатида кўраётган 10,1 миллиард долларнинг 86 фоизи давлат улушига эга йирик энергетика компаниялари ва банклар томонидан жалб этилган. Ҳужжатларда бу корпоратив қарз сифатида эътироф этилса ҳам, амалда бу давлат бошқаруви ва улуши билан фаолият олиб бораётган компаниялар қарзи ҳисобланади. Мутасаддиларнинг бу масалада қарашлари эса бироз фарқланади.
«Методологиядан келиб чиқиб тушунтирсак, агар давлат корхонаси ёки давлат улушига эга корхона ташқаридан қарз жалб этса, бу қарз давлатники эмас. Бу қарзни аслида Марказий банк тегишли сектор ё институционал тармоқда кўрсатади», — дейди Марказий банк департаменти директори ўринбосари Отабек Тожиддинов.

















