Ўзбекистон | 15:57 / 11.12.2020
9947
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «снос»ларга қарши мораторий жорий этиш таклиф қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «снос»ларга қарши мораторий жорий қилиш энг тўғри йўл эканлигини таъкидлади.

Фото: KUN.UZ

Депутатнинг фикрича, «снос» масаласи яқин йиллардаги энг «бошоғриқ» муаммолардан бири бўлиб қолиши мумкин.

«Афсуски, компенсацияни қоплаш учун маблағ бор ёки йўқ эканлигига қарамай, «ура-ура»чилик оқибатида қисқа вақт ичида кўплаб хусусий мулкларга зарар етказилди, айримларда хусусий мулк дахлсизлигига бўлган ишонч синди ва синмоқда.

Бугун эса етказилган зарарларни қоплаш ўлганнинг устига тепгандек кўпгина режаларнинг тўхтаб қолишига ҳам сабаб бўляпти. Айниқса, ривожланишнинг асосий кафолати бўлган инвестиция жалб этиш масаласи ҳаммасидан ҳам хавотирли. Бировнинг пешона тери билан қурган жойини асоссиз, розиликсиз бузишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бунга йўл қўйиш зулм билан баробар, зулм эса ёмон…», - деб ёзади Расул Кушербаев.

Шунингдек, депутат «снос» масаласига доир ишларни судда кўриб чиқиш ҳам осон эмаслигини таъкидлаган:

«Айниқса, ҳалигача ижро ҳокимияти тизимида ҳар қандай ҳокимиятга таъсир кўрсатиш имкониятлари сақланиб қолаётган бир пайтда, катта миқдордаги маблағни фуқарога ундириб бериш масаласини ҳал этиш судьядан ҳам профессионал билим, малака ва журъат талаб қилади».

«Шу билан бирга, инвестиция жалб этишда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим талаб эканлиги ва асосий иш ўрни яратувчи, солиқ тўловчилар ҳам хусусий мулк эгалари бўлган тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келишини инобатга олсак, айнан «снос» масаласида маълум муддатга мораторий эълон қилиш айни пайтда муаммони ечишнинг тўғри йўли эканлигини кўрсатмоқда.

Токи мораторий бўлмас экан, жойлар алоҳида гуруҳларнинг манфаати учун бузилиши, ерлар асоссиз олиб қўйилишда давом этавериши мумкин. «Снос»га қарши мораторий айрим жойларда хусусий мулк дахлсизлиги нима эканлигини тушунмайдиган, Конституция ва қонунлардаги талаблардан чуқур хабардор бўлмаган фаол «ижрочи»ларнинг қаернидир бузиб, ерни олиб қўяман, деган фикридан воз кечиб, шу юрт келажаги учун ўз ҳаракатларини ўйлаб кўришга ундаган, фуқароларда эса ишонч уйғотиб, инвестиция иштиёқини оширган бўлар эди.

Биз нафақат қоғозда балки амалда ҳам хусусий мулк дахлсизлиги таъминланган, турмуши фаровон, Конституцияси устувор жамиятда яшашни истаймиз, холос», - деб ёзади Олий Мажлис депутати.

Мавзуга оид