11 декабр куни Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида Антимонополия қўмитасининг Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги қабул қилган ҳал қилув қарорига ва унга асосан чиқарилган хусусий ажримига нисбатан киритган шикоятини апелляция инстанциясида кўриш бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Суд мазкур масалани кўриб чиқишда томонларни таниб олиш, уларга ҳуқуқ ва мажбуриятини тушунтириш каби процессуал ҳаракатлар тартибига риоя қилган ҳолда журналистларга алоҳида огоҳлантириш берди. Унга кўра, очиқ суд мажлисида ҳозир бўлган ОАВ вакиллари тасвирга олган видео ва аудионинг ҳеч бир сониясини узмай эфирга узатиш шарти билан судда аудио-, видео техника воситалардан фойдаланиши мумкин.

Суд тарихи

«UzAuto Motors» АЖ судга шикоят аризаси билан мурожаат қилиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 2020 йил

19 августдаги 21/31-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори билан «UzAuto Motors» АЖнинг шикоят аризаси қаноатлантирилиб, унга асосан хусусий ажрим чиқарилган.

Апелляция босқичи қандай бошланди?

Дастлаб, апелляция шикоятини киритган Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили Шерзод Шодмонқулов ариза бўйича важларини билдирди.

«Қўмита қуйидагиларга асосан мазкур ҳал қилув қарорини ва хусусий ажримни асоссиз ва ноқонуний тарзда қабул қилинган деб ҳисоблайди.

Судья Давлатов ўз ҳал қилув қарорида Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси томонидан «UzAuto Motors» АЖга ўз эътирозларини асословчи ҳужжатларни тақдим этиш учун ишни кўриш кечиктирилган бўлса-да, аризачига ушбу имкониятдан фойдаланиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бермасдан, 2020 йил 19 августда манфаатдор шахснинг иштирокисиз ишни кўриб чиқиб, шошма-шошарлик билан қарор қабул қилинганлигини қайд қилган.

Ушбу ҳолатда, суд томонидан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган ва қўлланилиши лозим бўлган қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари қўлланилмаган ва нотўғри талқин қилинган.