Таҳририятимизга Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан тадбиркор Элёр Қудратов мурожаат қилиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини юритишда бошқа юридик шахслар томонидан тўсқинликка дуч келаётгани ва туман маъмурий судидан норозилигини билдирди.

Маълум бўлишича, Элёр Қудратовга Яккабоғ туман ҳокимининг 2020 йил 8 майдаги HQ-776/05-сонли қарори билан тумандаги “Жамбул” МФЙ ҳудудидаги туман захира ер фондидан 0,23 гектар ер иссиқхона ташкил этиш учун ажратилган.
Қайд этиш лозимки, туман ҳокимлиги ушбу ҳудудда яна учта тадбиркорга иссиқхоналар ташкил қилиш учун ер майдони ажратиб берган.
Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13-14 декабр кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Яккабоғ туманида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш юзасидан умумий 50 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этиш тўғрисида берган топшириғи асос қилиб олинган.


Элёр Қудратов ер майдони учун тегишли ташкилотларнинг барчасидан техник хулосаларни олиб, иссиқхона барпо этиш учун киришганида унинг иши тўсқинликка учраган.
Иссиқхоналар учун ажратилган ҳудуд “Яккабоғ қурилиш моллари бозори” МЧЖ (раиси Зоҳиджон Эшмўминов)га Яккабоғ туман ҳокимининг 2009 йилги қарори билан ажратилган 6 гектар ер майдонида жойлашганлиги сабабли, шунингдек, бу ер майдонлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 493-сонли қарорига зид равишда, “E-IJRO Auksion” ягона электрон савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилиши лозимлигини талаб қилиб, “Яккабоғ қурилиш моллари бозори” МЧЖ туман маъмурий судига ариза киритган.

Яккабоғ туман маъмурий суди “Яккабоғ қурилиш моллари бозори” МЧЖ аризасини қаноатлантирган ва ҳокимнинг 2020 йилги қарорларини ҳақиқий эмас деб топган.






















