Ўзбекистон Конституциясига ўн бешинчи маротаба ўзгартишлар киритилиши кутилмоқда. Қонун Олий Мажлис Сенатининг 18 декабрдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилади.
Конституцияга ўзгартиш киритилиши ҳақида 11 декабрь куни, Сенат ялпи мажлисида қайси қонунлар кўрилиши очиқланган вақтда маълум бўлган эди. Бу ҳақда хабар берган Сенат ахборот хизмати Конституциянинг айнан қайси моддалари ўзгариши мумкинлиги, бу қандай ўзгаришлар эканига аниқлик киритмаганди.
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, кутилаётган янгиликлар – судлар фаолияти ва айрим атамаларнинг ўзбек тилига таржимасига доир.
Судлар фаолиятига доир ўзгаришлар президентнинг шу йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан боғлиқ.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади;
- маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.
Шу муносабат билан, Конституциянинг 107-моддаси 1-қисми қуйидаги таҳрирга ўтказилиши кутиляпти:
«Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистан Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат».

















