– Гулбаҳор опа, нега тадқиқотлар айнан газ етишмовчилигига оид?
– Ўзим муҳандис-механикман, политехника институтини тугатганман, Фарғона шаҳаргаз таъминотида ишлаганман, яъни соҳага бегона эмасман. Тўғри айтдингиз, айнан Ўзбекистонда газ етишмовчилиги сабаблари бўйича 10 йилдан буён мустақил тадқиқот олиб бораман. Бунинг сабаблари аниқ, йилдан йилга бу тизим муаммолари ортиб боряпти, халқимиз қийналяпти, вазият бадтар чигаллашиб кетяпти.
Газ Аллоҳ берган неъмат. Бизга айнан шу неъматни берган. Қайсидир давлатга ўрмон берган, кимгадир денгиз берган, яна кимгадир бошқа нарса. Бизга берилган газ неъматидан тўғри фойдаланишимиз шарт.
Энергетика вазирлиги тинимсиз маълумотлар бериб боряпти. Аммо уларда газ етиб бормаслигининг асосий сабаблари кўрсатилмаяпти. Гап айнан эксплуатациянинг қоидаларига амал қилинмаслигида, ички тизим нотўғри ишлашида, илмий асосга эга эмаслигида.
Аҳолига эса у томонлари қизиқ эмас, у боласини, кексаларни, ўз жонини совуқдан сақлаши керак. Масалан, бу йил қиш қаттиқ келди, ҳар қандай ўтин-кўмир захираси ҳали қиш келмай ноябр ойидаёқ тугаб битди. Лекин бу ҳолат қачонгача давом этади? Қачон илмий жиҳатдан ёндашамиз ва нотўғри сарф-харажатларнинг олдини оламиз?
Ўрганишларим жараёнида бошқа давлатлардаги бу соҳада олиб борилган илмий ишлар билан танишдим. Аммо, минг афсуски, Ўзбекистонда ҳеч кимнинг, олимларимиздан бирортасининг тизимни эксплуатация қилиш, газни тўғри тақсимлашга оид илмий ишларини учратмадим.
Мана шу омиллар туртки бўлиб бу соҳа устида мустақил тадқиқотлар олиб боряпман.
– Фикрингизча, гап айнан тарқатиш тизимидаги нотўғри ёндашувдами?
– Албатта, аҳолига газ етиб бориши жуда мураккаб жараён, қазиб олиш, етказиб бериш, тарқатиш каби бир неча босқичларни ўз ичига олади. Мен ўз тадқиқотларимда айнан тарқатиш тизимидаги муаммолар бўйича ўргандим. Аслида, ҳар бир босқич ўрганилиши, илмий жиҳатдан асосланиши шарт.
Газ тарқатиш тизимимизда тупиклар ва ҳалқа йўллар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган. Газ қувурларининг ўтказувчанлик даражаси паст, траекториялари аксарият ҳолларда нотўғри, исроф ниҳоятда юқори. Босим беқарорлиги (содда қилиб давление ўйнаши деймиз) бўйича таҳлиллар йўқ. Шу билан бирга, соҳанинг аксарият ходимларининг қувурларга, умуман тизим мулкига муносабати шу даражада ёмонки, ҳайрон қоласан киши.
– Кўпчилик мутасаддилар муаммо аҳолининг газдан нотўғри фойдаланишида, деган фикрни илгари сурадилар.









