Япония бош вазири Ёсихидэ Суга 14 декабр куни саккиз киши иштирокидаги зиёфатда қатнашганлиги учун халқдан узр сўради. 

"Иштирокчилар орасида етарлича масофа сақланган бўлса-да, бу воқеа аҳоли орасида тушунмовчиликларга сабаб бўлгани учун чуқур таассуфдаман", - деди Суга коронавирус пандемияси шароитида шундай тадбирларга ўрин борми деган саволга жавобан.

Kyodo агентлигининг ёзишича, ҳукумат аввалроқ мамлакат аҳолисини касалликка чалинишнинг олдини олиш мақсадида турли тадбир ва зиёфатлар ўтказмасликка чақирганди. 

Японияда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ноябр бошларида ёмонлаша бошлади. Касаллик юқтирганлар сони 185,4 мингдан ошди, 2,4 мингдан ортиқ киши вафот этган.