Тошкент вилоятидан пойтахтимизга кираверишдаги «Арк Булоқ» божхона пости яқинида барпо этилаётган йирик «Ark Buloq» халқаро қурилиш савдо мажмуаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.

Бу ерда ички ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашувчи янги инфраструктура барпо қилиняпти.

Ҳозирда улгуржи ва биржа савдоси, экспорт йўналишида инновацион технологиялар анча ривожланган бўлиб, улардан максимал даражада фойдаланиш замон талабидир. Хусусан, импорт ва экспорт, логистика, чет эллик ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги талаб ва таклифни ўрганишдаги узилишлар савдо айланмасининг кенгайишига тўсқинлик қилади.

Бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечими Ҳаракатлар стратегиясининг 3- ва 4-устувор йўналишларида, шунингдек, президентимизнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ-5564-сонли «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам ўз ифодасини топган.

Мазкур фармонларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, савдо механизмларини янада такомиллаштириш, товарлар бозорида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва харажатларини камайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.

Кўп турдаги савдо хизматларини кўрсатадиган янги, улкан инновацион халқаро қурилиш савдо мажмуаси «Ark Buloq»да эса давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги ижросини кўришимиз мумкин.

Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларнинг оғирини енгил қилади, балки 3 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ҳам яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланади. Бу – лойиҳа ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилганини кўрсатади.