Фан-техника | 17:45 / 20.12.2020
8144
4 дақиқада ўқилади

АҚШда технологик гигантлар учун янги ҳаб пайдо бўлмоқда

Кремний водийси бир неча ўн йилдан бери технология эпимаркази ҳисобланади. Биринчилардан бўлиб 1938 йилда Билл Ҳьюлет ва Дэвид Пэкард у ердаги гаражда ўз бизнесларини яратиш йўлида ҳаракат бошлашганди.

Энди эса вазият ўзгариш арафасида. Энг ёрқин исбот эса водийнинг отахон компанияларидан бири Hewlett Packard бош офисини Техасга кўчираётганидир. Жума куни Кремнийнинг яна бир қадрдони Oracle Остин шаҳрига (у ҳам Техас штатида) кўчаётганини маълум қилган.

Калифорнияни бошқа соҳа вакиллари ҳам тарк этишмоқда. Ўтган ҳафта Илон Маск Белэйрдаги уйини сотиб, Техасга кўчганини эълон қилди.

Бу каби кўчишлар пандемия даврида кутилганди – одамлар уйдан туриб ишлашяпти. Баъзи технологик компаниялар пандемиядан сўнг ҳам ходимларига масофадан туриб доимий ишлаш имконини бермоқчи эканини айтишганди.

Лекин бош офислар, компания асосчилари ва сармоядорлар нега Кремний водийсидан кўчиб кетишяпти?

Сан-Францискони тарк этган компанияларнинг баъзилари шаҳар ва штат маъмурияти бошқаруви ёмонлигидан норозиликларини изҳор этишган. Афтидан, пандемия туфайли Калифорния маъмурияти жорий қилган чекловлар техногигантлар учун ёмон сюрприз бўлган. Масалан, Флорида ва Техасда чекловлар Калифорнияга нисбатан анча енгил.

Кремний водийсида кўчмас мулк нархлари анча баландлиги ҳам вазиятга таъсир кўрсатмасдан қолмади. Шунингдек, Калифорния штатида даромад солиғи юқори. Флорида ва Техасда эса бунақа солиқ йўқ.

Қаерга кўчишяпти?

Техасга кўчаётганлар бу борада биринчилар эмас. Кремний тепаликлари (Silicon Hills) деб ном олган янги манзилга Advanced Micro Devices (AMD), Dell (DELL) ва бошқа донғи чиққан компаниялар кўчиб боришган.

Остин Тижорат палатаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ноябр ҳолатига кўра, 39та технологик ва бошқа компаниялар Остин шаҳрига кўчиб ўтишган (Остин Техас штатининг маъмурий маркази ҳисобланади).  Тижорат палатаси ахборотига кўра, кўчиб ўтганлар орасида 8VC венчур компанияси, Остинда 37 гектардан зиёдроқ жойда 5000 кишини иш билан таъминлаши кўзда тутилган офис қуришни мўлжаллаган «Тесла» компаниялари бор. Технологик бўлмаган компаниялардан электрон сигаретлар ишлаб чиқарувчи Juul Labs ҳам ўз офисларини эски Кремнийдан янгисига кўчирган.

Турли миллатлар ва яхши таълим олган аҳолини назарда тутиб «Инсон капитали асосий сабаб», дейди ОТП президенти ва бош менежери Лоро Ҳафман йирик компаниялар бу ҳудудга кўчиб келиш сабаблари ҳақида гапираркан. Унинг айтишича, шаҳарнинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 47 фоизи олий маълумотли ва Остинда 25та университет ва коллежлар бор.

Кимлар кўчяпти?

Қуйидаги компаниялар Кремний водийсидан Техасга кўчишни эълон қилишди:

Hewlett Packard Enterprises. Компания ой бошида бош офисини Сан-Хоседан Техасга кўчиришини маълум қилганди. Ҳьюстон шаҳри эса, компаниянинг энг кўп ходимлари ишлайдиган шаҳарга айланиб бўлган ва Hewlett Packard шаҳарда янги офис қуряпти.

Oracle. Компания бош офисини Калифорниядаги Редвуд-Ситидан Техасдаги Остинга кўчиряпти. «Биз кўчиш Oracle’нинг ривожи ва ходимларимизга қулайлик яратиш учун энг яхши ечим деб ишонамиз», дея баёнот берган Дебора Ҳеллингер.

Тесла. Компания етакчиси Илон Маск ўтган ҳафта Wall Street Journal’нинг йиллик саммитида шу ҳақда маълум қилган. Маскнинг бу қарорини Техас губернаторти Грег Эбботт ҳам олқишлаганди. Маск ҳали Техасга кўчганича йўқ, лекин Остин шаҳри яқинида йирик офис қуряпти.

Drew Houston. Dropbox компанияси бош менежери Остиндан уй сотиб олган ва уни доимий яшашга мўлжаллаб турибди.

FileTrail. Юридик фирмаларга дастур ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи бу компания апрелда Сан-Хоседан Остинга кўчиб ўтди.

Афтидан, пандемиянинг энг катта таъсирларидан бири Кремний водийси каби йирик технопаркларнинг кўпайиши бўлади.

Мавзуга оид