Бобур Каримов 7 декабр куни АОКА биносида ўтказилган матбуот анжуманида маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчи «UzAuto Motors» билан давом этаётган низоли ҳолатга муносабат билдирганди. У, шунингдек, «UzAuto Motors» томонидан нархларни асоссиз оширилишини тўхтатишнинг битта йўли бор, дея қайд этган.
«Бу — бож тўловларни камайтириш. Импорт қилинувчи автомобилларга қўйиладиган бож тўловини пасайтириш керак. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди», — деган Каримов.
Шундан сўнг, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтириб, қуйидаги постни ёзган:
«Бошидан буён такрорланиб келаётган фикр айнан шу. Йўналиш ҳам айнан шу: Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги орқали айнан шу рақобат муҳитини шакллантириш устида ишланмоқда, тайёргарлик кўрилмоқда. Шу фикрга келиш учун шунча шовқин, шунча популизм... Кимлардир машҳурроқ бўлгандир, Ўзбекистон ютмади», - дея ёзганди Қодиров
Алишер Қодировнинг ушбу гапларига Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов муносабат билдириб, мулоҳазаларини қуйидагича баён этди:
«Матбуот анжуманида менинг автомобиллар импорти учун божни ислоҳ қилиш ҳақида айтган гапимга илова қилиб, Алишер Қодировнинг ижтимоий тармоқда билдирган фикри мени таажжубга солди. Бутун бошли бир партиянинг раҳбари, озгина бўлса-да, гапирадиган мавзусини тушунса, барча учун манфаатли бўларди.
Биламизки, ҳар бир тадбиркорнинг асосий мақсади фойда олишдир. Қанча кўп фойда олса, шунча яхши. Бу мақсадга эришиш учун ҳалол тадбиркорлар турли ривожланиш стратегияларини ўйлаб чиқади, фаолиятига инновацияларни олиб киради, маҳсулот сифатини қатъий назорат қилади ва нарх сиёсатини тўғри олиб боради. Бундан ҳамма ютади: тадбиркор маҳсулотини сотади, истеъмолчилар эса бозор нархида маҳсулотини харид қилади. Бундай бозорда фақат сифатли ва арзон маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ютади.
Лекин айрим монополистлар ундай эмас. Монополист биладики, нима бўлса ҳам харидорларнинг бошқа танлови йўқ. Товар қимматми, сифатсизми, барибир харид қилинса, бас. Чунки талаб бор, лекин таклиф чегараланган. Аммо бу ҳолат ҳар доим давом эта олмайди. Ўзбекистон келажакда кўплаб иқтисодий интеграцион ташкилотларга аъзо бўлишига ишонаман. Ана уларга қўшилганда, асосий талаблардан бири — товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш ва шу шарт билан бизнинг бозоримизга турли ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулоти кириб келади», — деди Бобур Каримов.

















