Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳот ва очиқлик сиёсатининг асосий мақсадларидан бири — бу мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясидир.
«Кузатувчи давлат сифатида ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистонга ўзаро манфаатли бўлган соҳаларда мулоқот ва ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам беради», — деди Тўраев ЎзАга берган интервьюсида.
Бундан ташқари, экспертнинг таъкидлашича, кузатувчи давлат сифатида ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистонга қандайдир ҳуқуқий мажбуриятлар юкламайди. «Кузатувчи мақоми келажакда давлатга ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш мажбуриятини юкламайди», деди у.
«Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳозирги босқичини ҳисобга олган ҳолда, мен Қонунчилик палатасининг ушбу қарорини (ЕОИИда кузатувчи мақоми тўғрисида — таҳ.) «олтин ўрталик» деб баҳолайман, сабаби бу ЕОИИга тўлақонли аъзоликнинг ижобий ва салбий томонларини ичкаридан ҳар томонлама ўрганиш учун имконият» , — деди Тўраев.
Эслатиб ўтамиз, 11 декабр куни Ўзбекистон томонидан Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олиш қарори иттифоққа аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.







