14:19 / 23.12.2020
12928

Ўзбекистонлик теннисчи келишилган ўйинларда қатнашгани учун 7 йилга дисквалификация қилинди 

Фото: AFP /Manjunath KIRAN

25 ёшли ўзбекистонлик теннисчи Темур Исмоилов коррупцияга қарши дастур қоидаларини бузгани учун 7 йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Tennis Integrity Unit сайтида хабар бермоқда

Қайд этилишича, спортчининг келишилган ўйинларда иштирок этгани аниқланган. Дисквалификациядан ташқари, Исмоилов 12 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.

Энди унга барча теннис мусобақаларида қатнашиш тақиқланади. Суриштирувда аниқланишича, Исмоилов уч маротаба - 2014, 2015 ва 2019 йилларда келишилган ўйинларда қатнашган.

Суриштирув тафсилотларига аниқлик киритилмаган. Бироқ, тегишли тадбирлар давомида Темур Исмоилов суриштирув ишларига ёрдам беришдан бош тортган.

Дисквалификация 2020 йил 18 декабрда бошланади. ATP рейтингида Исмоиловнинг энг юқори позицияси 756-ўрин бўлган.

Top