Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ва солиқ техникумлари фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Қайд этилишича:

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ташкил этилган;

Фарғона, Тошкент ва Бухоро солиқ коллежлари 2020-2021  ўқув йилидан бошлаб Институт ҳузуридаги Фарғона, Тошкент ва Бухоро солиқ техникумлари этиб қайта ташкил этилган.

Давлат солиқ қўмитасининг Институт фаолияти ва ўқув жараёнини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда маъқулланиши мумкин:

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Институтга абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш муддати ва тартиблари ҳамда кириш имтиҳонлари саналарини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда мустақил белгилаш, шунингдек Институтнинг бакалавр ва магистратура йўналишларига кириш имтиҳон ва талабларини белгилаш;

ўқув дастурларига, халқаро профессионал ассоциациялар ва бирлашмалар, шу жумладан, АССА (The Association of Chartered Certified Accountants) бўйича уларнинг малакасини тасдиқловчи сертификатларни олган ҳолда касбий кўникмалар ва махсус билимларни ўзлаштиришга доир фанларни жорий этиш;

иқтисодий комплекс таркибига кирувчи давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун пуллик мақсадли курслар ташкил этиш;

Белгиланишича:

солиқ тизимида ишлаётган ва икки йиллик иш стажига эга бўлган солиқ техникумлар, шу жумладан Фарғона, Тошкент, Бухоро солиқ коллежлари битирувчилари институтнинг бакалавр йўналишига кириш имтиҳонларини топширмасдан суҳбат асосида ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб ўқишга контракт асосида қабул қилинади;

иқтидорли талабалар учун Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилади;

Институт талабалари ва солиқ техникумлари ўқувчиларининг кундузги таълим ўқиш даври солиқ органларига ишга жойлашган тақдирда иш стажига қўшилади;