Иқтисодиёт | 18:19 / 28.12.2020
5454
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда электр энергияси бўйича 3,5 трлн сўм қарздорлик мавжудлиги маълум қилинди

Айни вақтда Ўзбекистон бўйича электр энергиясидан 3 трлн 500 млрд сўм миқдорида қарздорлик мавжуд. Бундан 2 трлн 340 млрд сўми аҳоли қарздорлиги ҳиссасига тўғри келади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов 28 декабр куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергиясидан қарздорлик миқдори ҳақида маълумот берди.

«Айни вақтда республикамиз бўйича 3 трлн 500 млрд сўм қарздорлик мавжуд. 1 декабрь ҳолатига кўра, аҳолининг электр энерегиясидан қарздорлиги – 2 трлн 340 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

Ижобий ҳолатни айтмоқчиманки, 1 октябрда бу қарздорлик – 2 трлн 380 млрд сўм бўлган. 2 ой ичида ушбу қарздорлик ҳолати 40 млрд сўмга камайишига эришилди.

Бу натижа биллинг тизимининг жорий қилиниши эвазига бўлди. Электр энергетика соҳасида ҳеч қачон қарздорлик камаймаган эди. Фақат ойма-ой, йилма-йил ошиб келган. Тарихда биринчи марта ноябр ойидан бошлаб аҳолининг қарздорлигига нафақат жорий истеъмол электр энергиясини ундиришга, балки қўшимча дебитор қарздорликни ундириб, камайтиришга эришдик», дея раис ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, мутасадди ҳозирги кунда электр энергиясидан энг катта қарздорлик Самарқанд вилоятида экани, ҳудуддаги жами қарздорлик 655 млрд сўмни ташкил этишини айтиб ўтган.

Мавзуга оид