Kun.uz мухбири маҳаллий депутатлар фаолиятига доир айрим саволларга жавоб олиш мақсадида Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров билан суҳбатлашди.
— Ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси сифатидаги мақоми бекор қилиниб, ҳокимиятнинг икки бўғини бир-биридан ажратиладими?
— Бу масала муаммо бўлиб турибди. Президентнинг парламентга қўяётган талаби – биз барибир маҳаллий кенгашни ижро ҳокимиятидан ажратамиз. Бунинг учун бизга қўйилаётган талаб – бугун маҳаллий кенгашда ишлаётган депутат талабга жавоб бероладиган даражага етиши керак.
Бу борада илк қадамлардан бири сифатида маҳаллий кенгашларда котибиятлар тузилди.

— Маҳаллий депутатлар фаолиятини кучайтириш учун уларга маош тўлаш, уларни профессионал фаолият юритадиган тизимга ўтказиш керак эмасмикин?
— Ҳозирда маҳаллий кенгашлар жамоатчилик асосида фаолият юритади. Эндигина биринчи қадамни босдик, 2018 йил шахсан президентимизнинг ташаббуслари билан Тошкент шаҳрида доимий асосда ишлайдиган кенгаш котибиятини очган эдик. Бу тизим қўл келганидан кейин бошқа вилоятлардаги кенгашларда ҳам ташкил қиладиган бўлдик.
Энди, тумандаги 30та депутатни бирданига штатли қилиш масаласи ҳам бор. Бутун республика бўйича маҳаллий депутатлар сони 6570 нафар. 6570 нафар депутат бу – катта куч. Уларни доимий ишга ўтказгандан кейин уларга фақат ойлик эмас, иш шароитлари ҳам яратиб бериш керак.
Гапнинг очиғи, 1991 йилдан бери маҳаллий депутатлардан жамоатчилик асосида фойдаланиб, уларга топшириқлар бериб келинди.

— Ҳокимларнинг халқ томонидан сайланиши масаласи. Давлат раҳбари: «Бир кунмас бир кун, ҳудуддаги халқнинг ўзи ҳокимни сайлайди», дея таъкидлади. Бу борада аниқ режалар борми?
— Бугунги кунда олдимизда турган биринчи қадамлардан бири айнан шу. Маҳаллий кенгаш маҳаллий ижро ҳокимиятидан ажратилгач, қандай одам ҳоким бўлади, деган савол юзага келади.















