Ўзбекистон | 15:02 / 04.01.2021
21938
12 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги бир аукцион машмашаси: Cудлар тадбиркор аёл зарарига қарор чиқармоқда

Аукционлар онлайн тизимга ўтиб, мулк харид қилиш шаффофлашди. Бироқ хариддан кейинги машмашалар «E-Ijro Auksion» нуфузига соя ташламоқда.

Навбатдаги мурожаат Жиззах шаҳридан келиб тушди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ва уни кенгайтиришга қарор қилган Гюнел Алиева Жиззах кичик саноат зонасида жойлашган ишлаб чиқаришга мўлжалланган бинони 2019 йил 22 ноябрда онлайн аукционда ютиб олади.

Онлайн аукциондан мулк харид қилиб фойда ва даромад олиш ўрнига ўзига қўшимча бошоғриқ орттириб олган юзлаб (балки минглаб) инсонлар сингари навбатдаги инсофли эгалловчи — Гюнел Алиева бугунги кунга келиб харид қилган мулкидан ажралиб қолиш арафасида ва ўзига боғлиқ бўлмаган равишда судма-суд сарсон бўлмоқда.

Унинг якка-ю ягона «айби» — инсофли эгалловчи сифатида давлатнинг онлайн аукционида иштирок этиб, мулкни қўлга киритгани.

2019 йилда «UZ KAMOL TEKS» МЧЖга тегишли бўлган, ер майдони 9,33 сотихли ушбу нотурар кўчмас мулк аввал «Алоқабанк»нинг Жиззах филиалидан олинган кредит учун гаровда турган. Кредит ўз вақтида тўланмагани сабабли, Ғаллаорол туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига кўра, ундирув гаровдаги мулкка қаратилган ва ижро юзасидан бино онлайн аукционга чиқарилган.

302 миллион сўм эвазига аукционда ғолиб чиқиб, мулкни қўлга киритган Гюнел Алиеванинг айтишича, у мулкни харид қилганида у бир қаватли бинодан иборат бўлган, фақат кириш қисмидаги бино устида 2-қават кўтарилиб, том қисмига фермалар ўрнатилган бўлган. У 2-қават томини профнастил билан ёпган, сувалмаган бинони тўлиқ сувоқдан чиқарган, деразаларга пластик ромлар ўрнатган, канализация ўтказган.

АТ «Алоқабанк» Жиззах филиали юристи Акбарали Мелибоевнинг таъкидлашича, гаровга қўйилган бир қаватли бино ўзгартирилаётганда ёки унинг ҳудудида қўшимча нарсалар қурилаётганида албатта гаровга олувчи — банкнинг рухсати олиниши керак бўлган. Бироқ МЧЖ раҳбари бундай қилмаган.

Акбарали Мелибоев, АТ «Алоқабанк» Жиззах филиали юристи

Хуллас, Ғаллаорол туманлараро иқтисодий судининг қарори қонуний кучида. Гаров объекти аукционга чиқарилган. 325 миллионга баҳоланган мулк, қайта-қайта аукционга чиқарилиб, нарх пасайиши натижасида 2019 йил 22 ноябрда 302 миллионга сотилган. Бу пуллардан 205 миллион сўмлик кредит қарздорлиги қопланган.

Унда нимадан муаммо келиб чиқмоқда ўзи?

Гап шундаки, «UZ KAMOL TEKS» МЧЖ раҳбари Қосимжон Ҳусанов ўзи учун эмас, ўзга ташкилотнинг кредит таъминоти учун мулкини кафиллик шартномаси асосида гаровга қўйган. «Мол аччиғи жон аччиғи», дейишади. Ўзгаларнинг ўз зиммасидаги мажбуриятини бажармаслиги оқибатида мулкидан осонгина ажралиб қолишни истамайди: уни ҳам тўғри тушуниш мумкин. Шунинг учун у кўчмас мулкини қайтариш учун турли ҳийлаларга қўл урмоқда.

Шу сабабли иш 2020 йил 14 сентябрда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судида кўриб чиқилган. Суд мажлисида гаровга қўйилганидан сўнг бинонинг 2-қавати қурилгани, аукционга чиқаришдан аввал МИБ бинони кўздан кечириш жараёнида уни «икки қаватли» деб ёзиб, хатога йўл қўйгани қайд этилган ва онлайн аукцион баённомаси ҳақиқий эмас, деб топилган.

Кўриб турганингиздек, суд МИБ Жиззах шаҳар бўлими ва Гюнел Алиевадан давлат фойдасига 11 миллион 600 минг сўм давлат божи ундириш ҳам белгиланган.

Яъни, бўлиб ўтган машмашаларга ҳеч нарсага алоқаси йўқ, бор-йўғи аукционда қатнашган Гюнел Алиева 11,6 миллион сўм давлат божи ҳам тўлайдиган бўлиб турибди. Буни қандай тушуниш мумкин?

Нега Гюнел Алиева пул тўлаши керак?! Сабаб? Суд бу ерда мажбуриятларга тупурган томоннинг тарафини олиб, МЖтКнинг 229-моддаси 4-қисмига ҳам тупуриб, инсофли харидорни жазолашга жазм қилмадимикан?

Ушбу суд қарорига Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан протест келтирилган.

Лекин аппелляция босқичида протест инобатга олинмаган ва дастлабки суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ҳозир кучда бўлган суд қарорига кўра, Г.Алиевага «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК 3,025 млн сўм, АТ «Алоқабанк» Жиззах филиали 203,277 млн сўм, МИБ Жиззах бўлими 4,145 млн сўм, «UZ KAMOL TEKS» МЧЖ 88,037 млн сўм тўлаб бериши, бино «UZ KAMOL TEKS» МЧЖга қайтарилиши керак.

Гюнел Алиева аукционда қатнашиб, бу мулкни қўлга киритиш учун моддий бойликлари, бозордаги дўкони, автомобили, тиллаларини зудлик билан арзонига сотгани бу ўринда ҳеч кимни қизиқтирмайди: «Айбинг шуки — давлат корхонаси томонидан уюштирилган аукционда қатнашгансан».

Биз ушбу масала борасида мулкни аукцион учун расмийлаштирган МИБ Жиззах шаҳар бўлими давлат ижрочиси Ғайрат Раҳмонқуловнинг фикрларига қизиқдик.

Ғайрат Раҳмонқулов

МИБ ижрочисининг ҳикоя қилиб беришича, суд ижро варақаси шаҳар МИБга келиб тушгач, холислар ва қарздор Қосимжон Ҳусанов иштирокида бинони кўздан кечириш далолатномаси тузилган. Бинода тугалланмаган 2-қават борлиги ҳам қайд этилган. Бинога оид қолган барча кўрсаткичлар гаров шартномасида ҳамда бинонинг кадастр ҳужжатларига мос келган. 2-қават учун кадастр ҳужжати бўлмаган. Аукционга чиқариш учун электрон жадвал тўлдирилаётганида бинода ноқонуний қурилма борлиги қайд этилган.

Онлайн аукцион ўтказилиши учун ижрочи томонидан киритилган маълумотлар

Ғ.Раҳмонқулов аукционга киритилган маълумотларда фақат бино икки қаватли эканини қайд этгани, чунки икки қаватли эканини ўз кўзи билан кўргани, қолган барча маълумотлар кадастр ҳужжатларига мос равишда унинг 1-қаватида жойлашган юзалар киритилганини айтиб ўтди.

Аукциондаги голиблик баённомасидаги ёзувлар

Бу казус туфайли унга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани, у жиддий хатога йўл қўймаган, деб топилгани ҳамда унга фақат огоҳлантириш берилганини маълум қилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, гарчи бино икки қаватли деб ёзилган бўлса-да, аукцион маълумотига унинг гаровга қўйилган пайтдаги — биринчи қаватидаги майдонлари киритилган. Иккинчи қаватдаги кейинроқ пайдо бўлган қарийб 300 квадрат метр майдон кўрсатилмаган.

Ушбу чигал масалада яна бир ғайритабиийлик борки, бино қандайдир фурсатда учинчи одамга ҳам сотилган. Яъни, банкка гаровга қўйилган бино, сўнгра аукционда Гюнел Алиевага сотилиб бўлгач, 2019 йил 30 декабр куни бошқа бир кадастр рақами билан учинчи томон — Рустам Ахатовга нотариусда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси орқали 500 минг сўмга (ол-а!) пулланган.

Маълумки, гаровда турган бинога кадастр идораси орқали тақиқ қўйилади. Бино аукционда сотилиб, банк кредити қоплангач ва кўчмас мулк Гюнел Алиевага расмийлаштирилгач, у қандай қилиб бошқа одамга сотиб юборилди?

Бу борадаги саволларимизга жавоб олиш учун Давлат кадастр агентлиги Жиззах шаҳар бўлимида бўлдик. Идоранинг «Бир ойна» бўлими мутахассиси Шерзод Алламуродов кадастр бўлими ходимларининг айби билан, бино сотилгач, ундаги тақиқлар ечилган пайтда бинога иккинчи кадастр рақами берилганини айтиб берди.

Шерзод Алламуродов, Давлат кадастр палатаси Жиззах шаҳар бўлими «Бир ойна» бўлими мутахассиси

Бироқ, Ш.Алламуродов кадастр рақами бекор бўлгани, олди-сотди шартомасига кўра бинони харид қилган янги эгаси Рустам Ахатовга бино ҳеч қанақасига расмийлаштириб берилмаслиги ва кадастр ҳужжатлари ҳамон Гюнел Алиева номига расмийлаштирилганини тилга олиб ўтди.

Гюнел Алиева бу борада Жиззах шаҳар маъмурий судига мурожаат қилган. Унинг даъвоси қаноатлантирилган. Суд 2020 йил 30 июлда «Ермулккадастр» ДК Жиззах филиали 2020 йил 22 майда томонидан берилган давлат реестридан кўчирмани ҳақиқий эмас, деб топган.

«UZ KAMOL TEKS» МЧЖнинг Жиззах вилоят маъмурий судига юборган апелляция шикояти қаноатлантирилмаган.

Маъмурий суд қарори

Қаранг: кўчмас мулки ўзининг қўлидан кетганини аниқ биладиган одам, кадастр идорасидаги ёш йигитларнинг хатосидан фойдаланиб, уни бошқа бир одамга сотмоқда. Бу хатолик маъмурий суд қарори билан бартараф этилгач, унга нисбатан яна апелляция бермоқда.

Албатта, мазкур ҳолатда эндиликда ўзига тегишли бўлмаган мулкни кўра-била туриб бошқа одамга сотиш аслида фирибгарлик ҳисобланади, агарда Рустам Ахатов ариза билан мурожаат қилса, жиноят иши ҳам очилиши мумкин.

Лекин, кўп эҳтимолки, у ҳам Қосимжон Ҳусановнинг таниши бўлиши керак. Ҳечқиси йўқ, яхшигина бир тушлик (500 минг сўм) эвазига қилинган келишувдан томонлар кўп нарса йўқотишмаяпти, келишиб олишар...

Гувоҳи бўлганингиздек, банк, кадастр, МИБ — воқеага алоқадор барча идоралар, ҳаттоки прокуратура ҳам Гюнел Алиева бекорга сарсон қилинаётганини таъкидлашмоқда. Бироқ Жиззахдаги фуқаролик ишлари бўйича судлар инсофли харидорга қарши чиқиб, кимни ҳимоя қилаётганини англаяпсизми?..

Қонунчиликка мурожаат қиламиз: Фуқаролик кодексининг 229-моддаси 2-қисмида: «Агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмайди», дейилган.

229-модданинг биринчи қисмда қандай ҳолатларда сотилган мулкни талаб қилиб олиш мумкинлиги санаб ўтилган ва сотилган мулк уларга тушмайди.

  • Мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўлаб олинган бўлса — давлатнинг очиқ аукционидан харид қилиб олинмоқда;
  • олувчи буни билмаган ва билиши мумкин бўлмаган бўлса — билган;
  • мол-мулк мулкдор томонидан ёки эгалик қилиш учун мулкдор берган шахс томонидан йўқотиб қўйилган ёки мулкдордан ёки у мол-мулкини берган шахсдан ўғирланган ё бўлмаса, уларнинг ихтиёридан ташқари бошқача йўл билан уларнинг эгалигидан чиқиб кетган бўлса — йўқотилмаган, мулкдор ўз ихтиёри билан гаровга тиккан;

Албатта, бундай машмашалар онлайн аукционга ишончни пасайтиради. Кўчмас мулк харид қилиш истагида бўлган тадбиркорларнинг ҳафсаласини пир қилади.

Хўш, майдони қарийб 300 кв.м бўлган 2-қават масаласи нима бўлади, ахир собиқ эгаси фақат 1-қаватни гаровга қўйган эди-ку, деган ҳақли савол туғилади.

Бунинг ечими жуда оддий: Гюнел Алиева «UZ KAMOL TEKS» МЧЖ раҳбари Қосимжон Ҳусановга 2-қаватни барпо этиш учун кетган шлакоблоклар ва фермаларнинг пулини бериш керак, Қосимжон Ҳусанов эса ўша пулдан бинони иккинчи марта харид қилган Рустам Ахатовга 500 минг сўмни тўлаш керак, бўлди — олам гулистон. Нега гаровдаги мулк устида барпо этилган қўшимча бино учун бутун бир бино қайтариб олинишига ҳаракат кетмоқда? Бу адолатданми?

Шу кунларда ҳам ҳам енгил пеноблок ишлаб чиқариб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, ўз фаолиятини жинси матолардан сифатли кийим-кечак ишлаб чиқариш билан кенгайтиришни мўлжаллаган Гюнел Алиеванинг ҳафсаласи пир бўлган, адолатга ишончи қолмаган, ҳозирги кунда судма-суд саргардон юрибди.

У энди Бош прокуратура ва Олий суддан адолат кутмоқда. Айни пайтда иш Олий суд томонидан назорат тартибида кўриб чиқишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Биз эса воқеалар ривожини синчковлик билан кузатишда давом этамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири
Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид