Жаҳон | 00:48 / 07.01.2021
9832
2 дақиқада ўқилади

Вашингтонда Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб киришди

Фото: Twitter/rebtanhs

АҚШ президенти Доналд Трамп президент сайловлари натижаларини ҳеч қачон тан олмаслигини айтгандан кейин Вашингтонда унинг тарафдорларининг кўп минг кишилик намойиши бошланди. 

Намойишчилар конгресс биносига киришга уринишган. Уларнинг бир қисми президент сайловлари натижаларини тасдиқлаш бўйича йиғилиш ўтаётган Капитолий биноси олдидаги тўсиқлардан ошиб ўтишга муваффақ бўлган. 

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда юзлаб одамлар темир тўсиқларни ағдариб, Капитолийга олиб борувчи зиналарга етиб борганини кўриш мумкин. Полиция газ баллончалари ёрдамида уларни тўхтатишга ва орқага суришга ҳаракат қилган.

Полиция қўлбола портловчи қурилма ҳақида олинган хабардан кейин Капитолий тепалиги иншоотлари мажмуасига кирувчи икки бино – Конгресс кутубхонаси ва офислар жойлашган бинодан одамларни эвакуация қилган.

Вакиллар палатаси аъзоси Элейн Лурия Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб киришга уринишаётгани, ташқаридан ўқ овозига ўхшаш шовқинлар келаётганини маълум қилган.

Охирги маълумотларга кўра, намойишчилар Капитолий биносига киришга муваффақ бўлишган. Тартибсизликлар сабабли сайловлар натижаларини тасдиқлаш бўйича йиғилишни тўхтатишга қарор қилинган, конгрессменлар хавфсиз жойга кўчирилган.

Мавзуга оид