13:58 / 08.01.2021
24455

Манба: «Ювентус» Элдор Шомуродовга қизиқмоқда

«Женоа» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси форварди Элдор Шомуродов А Сериянинг амалдаги чемпиони сафига ўтиши мумкин, дея хабар бермоқда TuttoSport нашри.

Италия нашрининг ёзишича, Генуя клуби форварди Элдор Шомуродов «Ювентус» эътиборига тушган. Турин клуби ёзги трансфер ойнасида ўзбекистонлик форвардни ўз сафига қўшиб олмоқчи. «Ювентус» жамоа сафида ижара асосида тўп сураётган Альваро Моратани ёзда «Атлетико»га қайтармоқчи. Испаниялик 28 ёшли ҳужумчи ўрнига ўзбекистонлик 25 ёшли форвардни таклиф этмоқчи. 

«Ювентус» сентябрь ойида «Атлетико»дан Моратани 9 миллион евро эвазига 2021 йилнинг ёзига қадар ижарага олганди. Келишув шартида футболчини 45 миллион евро эвазига сотиб олиш ҳуқуқи ёзилган бўлса-да, туринликлар раҳбарияти унинг ўрнига Шомуродовга қизиқиш билдира бошлаган.

Маълумот учун, Шомуродов ўтган мавсумда «Ростов»дан «Женоа»га 7,5 миллион евро эвазига ўтганди. Элдор Италия А Серияси жорий мавсумида 10 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол ва 2та узатмага муаллифлик қилган. 25 ёшли форвард сўнгги икки ўйинида жамоасининг энг яхши ўйинчисига айланди.

Top