Пандемиянинг «инқилобий» кучи

Технологик тараққиёт натижасида молиявий бозорларнинг виртуаллашуви рақамли ва криптовалюта бозорларига янада жон бағишлади. Бу жараён коронавирус пандемияси ортидан ўзининг янги босқичига кўтарилди.

Одатда, ўнлаб йиллар давом этадиган ўзгаришлар эпидемия таъсири туфайли бир йил ичида содир бўлди. Масалан, яқинда Швейцария Марказий банки «блокчейн» технологиясига эга электрон кронни бозорга олиб чиқди. Багама Марказий банки айни шу дастурни 2020 йилнинг октябр ойида жорий қилганди. Шунингдек, дунёдаги энг етакчи иқтисодиётга эга давлатлардан бири бўлган Хитой Марказий банки молия бозорларига рақамли валюта чиқаришга ҳозирлик кўрмоқда. Мазкур жараён 2035 йилгача якунланиши кутилмоқда.

Ушбу ўзгаришлар янги глобал молиявий тизимдан дарак бермоқда. Мазкур ўзгаришга криптовалюталар ва уларнинг орасида энг таниқлиси бўлган Bitcoin’га бўлган талабнинг тез суръатларда ўсиб бориши катта туртки берди. Айниқса, кейинги пайтларда АҚШ ва Буюк Британиядаги кўплаб инвестиция компаниялари ўзининг миллионлаб долларлик сармояларини криптовалюталар фойдасига ишлатишини эълон қилди. Бундан ташқари, Мексиканинг энг йирик оммавий ахборот воситаларига эгалик қилувчи миллиардер Рикардо Салинас Тwitter’да ликвид активларининг 10 фоизини Bitcoin’га киритганини эълон қилди.

Қизиқиш ортиб бормоқда

Bitcoin’га асосланган жонли бозор криптовалюта бозорларига шубҳа билан қаровчи баъзи иқтисодчилар ва институтлар фикрларининг ижобий тарафга бурилишига олиб келди. Масалан, жараён бошида криптовалюта бозорларига шубҳа билан қараган таниқли иқтисодчи Нуриэл Рубини Yahoo Finans журналистларига берган интервьюсида аввалига ўзи «ёмон пул» деб атаган Bitcoin’ни «қисман сармоя» воситаси сифатида кўришини маълум қилди.

Халқаро ҳисоб-китоблар банки (BIS) томонидан ўтказилган сўров ҳам бутун дунё бўйлаб содир бўлган ушбу ўзгаришни яққол тасдиқлади. Сўров натижаларига кўра, 2020 йил дунё миқёсида марказий банкларнинг рақамли пул тизимларига қизиқиши олдинги йилдагига нисбатан 10 фоизга ошган. Айни пайтда яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, ушбу банкларнинг аксарияти ривожланаётган мамлакатларнинг марказий банклари ҳисобланади. Ривожланаётган мамлакатлар ўз ёш аҳолисининг янгиликларга мослашиш тезлиги, янги технологик ўзгаришларда давлатнинг етакчи рол ўйнаши каби баъзи бир афзалликлардан фойдаланган ҳолда пулларнинг рақамлашуви жараёнида карвонбошилик қилмоқда.

Рақамли валюта тизимидаги ушбу ўзгаришларда Европанинг баъзи етакчи давлатлари ва АҚШ секинроқ ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Европада онлайн тўлов тизимларида хусусий корхоналар кучининг етишмаслиги рақамли валюта соҳасидаги ўсишга энг катта тўсиқ бўлиб келмоқда. Анъанавий молиявий воситаларга содиқлиги билан машҳур бўлган АҚШда эса Facebook’нинг «Libra» деб номланган янги криптовалютаси ва PayPal бошчилигидаги баъзи компанияларнинг тўловларда Bitcoin’ни қабул қила бошлаши аксарият Ғарб банкларини рақамли пулларга ўтиш масаласини яна бир бор кўриб чиқишига ундади. Канада Марказий банки вице-президенти Тимоти Лейннинг матбуот анжуманида Covid-19 туфайли тезлашган онлайн фаолиятларга рақамли пуллар ва янги маҳсулотлар билан тезроқ жавоб бериш лозимлигини таъкидлагани бу борадаги энг сўнгги мисоллардан бири бўлди.