Кремл сайтида айтилишича, уч давлат етакчилари 9 ноябр куни имзоланган тинчлик битимдан сўнг Қорабоғда амалга оширилган ишларни муҳокама қилишади. Шунингдек, ушбу ҳудуд аҳолисига зарур шароитларни яратиш, транспорт ва савдо алоқалари борасида фикр алмашади.

Учрашув Россия президенти ташаббуси билан ўтказилмоқда. Арманистон томонининг маълум қилишича, учрашувлар вақтида бедарак йўқолган ҳарбийлар масаласи бирламчи ҳисобланади.

«Арманистон томони учун асирларни қайтариш, қидирув-қутқарув операцияларини ўтказиш, ҳалок бўлганларнинг танасини топиш ва бедарак йўқолганларнинг тақдири борасида маълумот тўплаш бирламчи масала ҳисобланади», деб ёзган Никол Пашиняннинг матбуот котиби Мане Геворгян.

Айни дамда Москвада музокаралар бошланган. Бу учрашувни музокара дейиш ҳам аслида тўғри эмас, чунки унда икки мамлакат делегациялари тўлиқ таркибда учрашмайди, шунчаки давлат етакчилари вазиятни муҳокама қилишади. Бу Алиев ва Пашиняннинг сентябрда бошланган урушдан кейинги илк учрашуви бўлади.

Озарбойжон учун нима муҳим?

Айни дамда Қорабоғ масаласида Озарбойжон учун энг муҳим жиҳат барча муаммоли жиҳатларни ҳал қилиш. Иқтисодий жиҳатдан ўзига тўқ бўлган ушбу давлат Қорабоғни ривожлантириш учун жуда катта пул сарфламоқчи ва бунинг учун эгаллаган ҳудудлар қайта ҳужумга учрамаслиги муҳим ҳисобланади. Шунингдек, Озарбойжон томонидан эгалланган ҳудудларнинг бир қисмида ҳамон арманистонликлар яшамоқда. Озарлар уларга зўрлик қилаётгани йўқ, уларга Озарбойжон фуқаролигини олган ҳолда ушбу ҳудудда яшашда давом этиш таклиф қилинмоқда.

Алиев Қорабоғдаги арманлар «керак бўлса Еревандаги арманлардан яхши яшаши»ни айтди ва бунинг учун катта пул сарфлашга тайёр. Озарбойжон Қорабоғдаги ўз тасарруфига ўтган ҳудудларни қайта тиклашга 1,3 миллиард доллар сарфлашини маълум қилди. Бу пулга узоқ вақт замондан ортда қолиб яшаган ҳудудларда уйлар, йўллар ва ижтимоий объектлар қурилади. Қорабоғни қўллаб-қувватлаш учун Озарбойжонда бутун бошли фонд ҳам тузилди. Фонд ҳомийлик маблағлари ҳисобига шакллантирилади. Унга истаган одам пул ташлаши мумкин ва йиғилган пуллар Қорабоғ учун ишлатилади.

Алиев урушдан сўнг эгалланган Фузулийдан Шушагача темир йўл қурилишини айтди. Шунингдек, Горадиздан Фузулийгача темир йўл қурилади. Бу икки ҳудудни бирлаштирувчи автомобил йўлини қуриш эса бошлаб юборилган. Алиев Фузулийда халқаро аэропорт қурилишини ҳам маълум қилди. Президентнинг айтишича, бу иш Шушага бораётган хорижлик сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида қилинган. Мана шу катта лойиҳаларни амалга ошириш учун эса Озарбойжонга уруш тикланмаслиги борасида ишонч, имкон бўлса ҳужжат керак.