Комиссия маълумотларига кўра, Мусевени қарийб 59 фоиз овоз олган, Вайнга эса сайловчиларнинг 35 фоизи овоз бергани айтилган.

Комиссия сайловлар жиддий қоидабузарликларсиз ўтказилганини маълум қилган бўлсада, халқаро кузатувчилар ҳукуматни сайлов арафасида бутун мамлакат бўйлаб электр токини ўчириб қўйгани учун танқид қилишган.

Ўз навбатида Вайн интернет ишлай бошлаши билан сайловлардаги сохталиклар ҳақида далиллар тақдим этишни ваъда қилган.

Сайловлар арафасида рўй берган тартибсизликлар вақтида полиция билан тўқнашувларда ўнлаб кишилар ҳалок бўлган. Мухолиф сиёсатчилар ҳукуматни қўрқитиш усулларидан фойдаланишда айбламоқда.

Сайловлар натижасида айни вақтда 76 ёшда бўлган президент олтинчи муддатга ҳам ҳокимиятда қоладиган бўлмоқда. У ўзини мамлакат барқарорлиги кафолати деб атайди.

Боби Вайн эса мамлакат ёшлари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини билдирган.

Жума куни, сайлов натижалари эълон қилинганида Боби Вайн унинг уйи аскарлар томонидан ўраб олингани ҳақида хабар қилди. Ҳукумат эса уни «ҳиссиётларни ўйнаш» орқали вазиятни «драмалаштириш»да айблади.

Сайлов натижалари ҳақида нималар маълум?

Кампалада сайловлардан кейинги тонг хотиржам бошланди / AFP

Шанба куни сайлов комиссияси раиси, судья Саймон Бьябакама Йовери Мусевенини Уганданинг сайланган президенти деб эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган 18 миллион кишидан 57 фоизи овоз беришда қатнашган.

Аввалроқ Бьябакама сайловлар тинч ўтганини маълум қилиб, ўз ёрдамчилари ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатган Боби Вайнни ўзи айтаётган сохталиклар учун далил келтиришга чақирганди.

Ўз навбатида Вайн интернет сайловлар ҳалол ўтишига тўсқинлик қилиш мақсадида қасддан ўчириб қўйилганини билдирганди. «Интернет ишлай бошлаши билан мен барча сохталиклар ва қоидабузарликлар акс этган видеоёзувларни кўрсатаман», деган у.

Президент Мусевенининг вакили BBC учун берган интервьюсида Боби Вайн угандияликларнинг ишончини оқламагани, у «ўз навбатини кутиши кераклиги» ҳақида гапирганди. У сохталиклар ҳақидаги айбловларга ҳам тўхталиб, Вайндан далил келтириш сўралгани, аммо у зиғирча асос топиб бера олмаганини айтган.