Афтидан Англияда чемпионлик пойгаси икки эмас, кўпроқ жамоа ўртасида ва мавсум охиригача давом этадиган кўринади.

Пандемия билан боғлиқ ўзгаришлар, томошабинларсиз стадионлар, тақвим зичлиги, футболчиларнинг вирусга чалинишлари ва ҳоказо омиллар шундоқ ҳам турнирда янада тушунарсиз, кутилмаган натижаларга бой қилиб қўйиши шубҳасиз. Аммо бундан ташқари ҳам бир қатор парадоксал ҳолатлар борки, жамоаларнинг ўзи ҳам биз одатда кўришга ўрганмаган ҳолатда намоён бўлмоқда. Жумладан, мана шу икки Манчестер клуби ҳам аввалги мусобақалардан бироз фарқли услублар, қадриятлар ва ечимларга мурожаат қилаётгани чиндан ҳам қизиқ. Фарқлар футболчиларнинг спорт формаси ёки кутилмаганда пайдо бўлган юлдузлар билан эмас, айнан мураббийларнинг ишларида кўринади.

Сульшер ва позицион ҳужумлар

Биз доим ўқиб, эшитиб келганимиз бир стереотип бор – Сульшер қуйи блокда ҳимояланадиган жамоаларга қарши ўйнай олмайди. Унинг жамоаси кўпроқ қарши ҳужумларга таяниб, кенгроқ зоналарда самарали ҳаракат қилади. Рэшфорд, Марсиял каби ҳужумчилар айнан қарши ҳужумларда ўзларини яхши кўрсатадилар, шунинг учун ҳам «Юнайтед» топ-ўйинларда муваффақиятлироқ.

Тўғри, буни инкор қилиш қийин, жамоанинг ҳужум қилиш услуби ва Сульшер давридаги топ-ўйинлар (бу борада «Юнайтед» энг яхши натижа қайд этганди) юқоридаги фаразларни асослаган.

Аммо ушбу мавсумда юзага чиққан яна бир фактни ўртага ташлайлик – «Юнайтед» «кучли олтилик» жамоаларига қарши 5 ўйинда уч дуранг ва икки мағлубиятга учради. «Челси», «Сити» ва «Ливерпуль»га қарши ўйинлар голсиз дуранг билан, «Арсенал» билан ўйинда минимал мағлубият (0:1) ва «Тоттенҳэм»дан ўша 1:6. Беш ўйинда атиги 1 гол урилган – у ҳам пенальтидан. Ушбу мавсумда «Юнайтед»нинг ўша биз билган катта ўйинлар жамоаси сифатида яна эслатган ягона учрашув – ЕЧЛ гуруҳ босқичида Париждаги ўйин. Ўшанда ростан ҳам биз ўтган йилги, режа бўйича ишланган жамоани ва ғалабани кўрдик, холос.

Давоми ҳам бор: «Манчестер Юнайтед» «кучли олтилик»дан ташқари бошқа жамоаларга қарши 13 ўйиннинг 11тасида ғалаба қозонган. «Лестер» билан дуранг (қайсидир маънода топ рақиб) ва «Кристал Пэлас»дан 1-турдаги мағлубиятдан ташқари ҳамма ўйинларда «Юнайтед» ғалаба қозонган. Агар лондонликлар билан ўйинда «МЮ» учун мавсумнинг илк расмий баҳси эканидан, яхши формада бўлмаганини эътиборга олсак, жамоа пастки жамоаларга қарши ўйинларда деярли юз фоизлик натижа кўрсата олган. Айнан шу туфайли манчестерликлар ҳозирда турнир жадвалида етакчи бўлиб туришибди. Кутилмаган ҳолат, тўғрими?

Аслида, Сульшер шогирдларининг позицион ўйинлардаги камчилиги ёки қуйи блокка қарши ҳеч нарса қила олмаслиги ҳақидаги фикрларни қувватловчи натижаларнинг бошқа объектив сабаблари ҳам бор. Масалан, эсингизда бўлса, Сульшер илк бор бошқарувга келганида, «Юнайтед» 11 учрашувдан иборат ғалабали серияни амалга оширганди. Ўшанда ҳам асосан кучсиз рақиблар бўлган, Сульшерда бундай жамоаларга қарши муаммо бўлмаганди.