Қарши шаҳрида 2 874 туп дарахт илдизи билан қўпориб ташланди
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги Буюк Турон кўчасида минглаб дарахтларнинг қўпориб ташланаётгани тасвирланган видео ҳамда хабар тарқалди. Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати бу борада расмий маълумот тақдим этди.
Қайд этилишича, қўмитанинг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси ҳамда Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари ҳолатни ўрганиш учун бевосита баён этилган манзилга чиққан.
Ўрганиш давомида Қарши шаҳар ҳокимининг қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилаётгани, мазкур ҳудуддаги 2 874 туп ҳар хил турдаги дарахтлар экскаватор техника воситаси ёрдамида илдизи билан қўпорилгани аниқланди ва ҳолат юзасидан далолатнома тузилди.
Таъкидланишича, Қарши шаҳар қурилиш бўлимининг 2020 йил 23 ноябрдаги Қарши шаҳар “Буюк Турон” МФЙ, Буюк Турон кўчасида ташкил этилаётган кичик саноат зонаси ҳудудидаги экинзор ва дарахтларни таг қисмидан олиб ташлаш тўғрисидаги мурожаатига жавобан Қарши шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан дарахт ва буталарни кесиш тартиби кўрсатиб ўтилган ҳолда, дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.
Шу билан бирга, ажратилган 10 гектар ер майдонида ташкил этилаётган кичик саноат зонаси бўйича Давлат экология қўмитасининг экологик хулосаси олинмаганлиги аниқланган.
Айни дамда юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилгани айтилади.
Мавзуга оид
20:11 / 20.07.2024
Қарши аэропорти яқинида ёнғин содир бўлди
07:43 / 27.04.2024
Ўзганинг сир сақланиши лозим бўлган видеоларини тарқатмаслик эвазига пул талаб қилган аёл ушланди
22:32 / 20.04.2024
Қаршида DAMAS автомобилида 25 нафар болани ташиган ҳайдовчи аниқланди
23:02 / 16.04.2024