Ижтимоий тармоқларда тиббиёт таълим муассасалари битирувчи курслари бирламчи тиббиёт муассасаларига амалиётга юборилаётгани ҳамда улар тиббий хатлов жараёнларида қатнашиб, аҳолининг антропометрик ўлчовларини олиш ишларига жалб этилаётгани ҳақида турли мазмундаги маълумотлар берилмоқда. ССВ матбуот хизмати ушбу чиқишларга ойдинлик киритиш мақсадида вазир биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов билан суҳбат уюштирди.

— Тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари айни пайтда амалиёт ўтаётган экан. Бу жараён қандай меъёрий ҳужжат асосида ўтказиляпти?
— Албатта, ҳар бир талаба ўқув жараёнида амалиёт ўташи зарур. Айниқса, тиббиёт соҳасида талаба фақат назарияни ўрганиб, ҳеч қачон етук шифокор бўла олмайди. Тиббиёт таълими азалдан амалиёт билан бирга олиб борилган. Бутун дунёда ўқув жараёнида амалиётга алоҳида эътибор қаратилади. Айни пайтда бу масала кун тартибига чиққани ҳам аниқ сабабларга, ҳуқуқий асосга эга.
Президентимизнинг 2019 йил 6 май санасида эълон қилинган «Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режада ишлаб чиқариш ва ўқув амалиётлари вақти, муддати, қаерда, қандай олиб борилиши белгиланган.
Илгари битирувчи курсларнинг ишлаб чиқариш амалиёти фақат ёзги таътил мавсумида амалга оширилар эди. Уларнинг амалиётга қатнашаётганини назорат қилиш таълим муассасасига қийинчилик туғдиргани ҳам бор гап. Яширмаймиз, бу кўпчилик талабалар амалиётдан узоқлашишига, ўзларининг келажакдаги потенциал иш жойлари бўлган оилавий поликлиникаларга бормасликларига ҳам сабаб бўларди. Юқоридаги меъёрий ҳужжат ва тасдиқланган ўқув режа асосида амалиёт икки қисмга бўлиниб, ёз ва қиш мавсумларида амалга ошириладиган бўлди.
Шу боис, айни пайтда фақат битирувчи курс талабаларигина ўзларининг бирламчи тиббиёт муассасаларидаги врач ёрдамчиси сифатидаги амалиётини ўташ учун юборилган. Таъкидлаш керакки, улар шу йили институтни битириб айнан тиббиётни бирламчи бўғинида - шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникада ишлаш хуқуқини оладилар. Қайд этиш керак, касалликка чалинганлар, ҳомиладорлар ва бошқа қатор сабабларга кўра талаба амалиётга жалб қилинмаслиги мумкин. Бу борада таълим муассасалари раҳбарияти ўрганиб, хулоса чиқаради.
Бу жараёнда ҳудудларда малакали мутахассисларни кўпайтириш ҳамда амалиёт ўтайдиган талабаларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ўз ихтиёрларига кўра битирувчиларни ўзлари туғилиб-ўсган манзилдаги тиббиёт муассасаларига бириктириш тавсия этилган. Бу билан ўқишни тамомлагач, ўз ҳудудида ишламоқчи бўлган талабалар давлат тиббиёт ташкилотлари билан олдиндан ишга жойлашиш юзасидан дастлабки шартномаларни тузиш, ўзининг функционал вазифаларининг кўлам ва ҳажмини тўлиқ тасаввур қила олиш, тиббиёт муассасасининг мавжуд моддий-техник базаси билан танишиш, у ердаги аҳолининг тиббий ҳолати ҳақида олдиндан етарлича маълумотга эга бўлишига эришилади.













