22 январ куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг экспертлар иштирокидаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Таълимдаги муаммоларга бағишланган йиғилишда тиббиёт соҳасидаги айрим масалалар ҳақида ҳам сўз борди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тошкентдаги «Асаб ва руҳият» илмий-тиббий маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаевга кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда инсультни даволашда бир қатор хато услублардан ҳам фойдаланилмоқда.
Инсульт – бош мияда қон айланишининг тўсатдан бузилиб, мия тўқималари зарарланиши ва мияга қон қуйилиши. Бир қанча касалликлар инсультга сабаб бўлиши мумкин.
«Ўткир инсультда тезкор диагностикани йўлга қўйишимиз керак. Агар беморга инсульт пайтида 3 соатдан 6 соатгача тезкор тиббий ёрдам кўрсатилса, унда фалажланиш ёки нутқ бузилишининг олдини олиш мумкин. Айтилган вақтда тезкор даво қилиниб, етарли эътибор қаратилса, бемор 6–7 кундаёқ шифохонадан чиқиб кетади.
Бунинг учун тиббиёт институтлари талабаларини ҳам шу йўналишда ўқитиш жуда муҳим. Тез тиббий ёрдам шифокорларини ҳам шу йўналишда қайта ўқитиш керак», – деди у.
Тиббиёт фанлари докторига кўра, муаммонинг асл илдизи – тиббиётда доим ҳам далилларга асосланмаётгани ва фармкомпаниялар лоббиси билан боғлиқ.
«Тиббиётимизнинг барча йўналишларига лоббизм кириб келиб бўлди. Масалан, тиббиёт йўналишидаги олимларнинг илмий конференцияларини ўтказишга фармацевтлар ҳомийлик қиляпти. Шунинг учун бошқа йўналишдаги конференциялардан фарқли равишда, тиббиёт конференциялари йирик ва ҳашаматли меҳмонхоналарда ўтказилади.
Олимларнинг ўзида катта пул йўқ. Шу сабабли бир қатор олимларнинг илмий мақолалари ҳам фармацевтлар пули билан чет эл журналларида чиқади.
Бундан фармацевтлар қандай фойда кўради, дейсизми? Тушунтираман. Шифокор ўзига ҳомийлик қилаётган фармацевтнинг дорисини инсультда фойдали, таъсири жуда яхши, деб мақоласига киритади.
Инсульт бўлган беморларга бериладиган бир нечта дорилардан ташқари қолган дорилар маълум асоратлар қолдиради»,

















