12:54 / 25.01.2021
22650

Жиззахда қулаган бинонинг қолган қисми ҳам бузиб ташланмоқда

Жиззах шаҳрида қулаган 6 қаватли бинонинг қолган қисми бузиб ташланмоқда. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги хабар берди.

“Жиззахда қулаган 6 қаватли бинонинг қолган қисми ҳам талабга жавоб бермаслиги ҳамда яқин орада қулаб, одамлар соғлиғига хавф туғдириши мумкинлиги инобатга олиниб, ҳозирда атрофи тупроқ билан тўлдирилган ҳолда тадбиркорнинг ўз ҳисобидан бузиб ташланмоқда”, - дейилади маълумотда.

Жорий йилнинг 10 январ куни соат 17:10да Жиззах шаҳридаги «Зилол» маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири кутилмаганда, ҳеч бир табиий офат таъсирисиз қулаб тушди.

Расмий маълумотга кўра, жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Фойдаланишга топширилмаган бино 6 қаватли бўлиб, хусусий тадбиркор томонидан устки 4 қавати турар жой, дастлабки 2 қавати нотурар жой сифатида қурилаётган бўлган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссия зиммасига 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилгани, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган.

Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзу
Жиззахда 6 қаватли бино қулаши
2021 йил 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилиб, ҳали фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уй қулаб тушди.
Барчаси
Top