Ўзбекистон | 14:43 / 25.01.2021
14008
1 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги кўп қаватли уйнинг қолган қисмини бузиш учун 8 минг метр кубдан ортиқ тупроқ келтирилди

Жорий йилнинг 10 январ куни Жиззах шаҳридаги “Зилол” маҳалласи Мустақиллик кўчасининг ёндош қисмида қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушганди. Айни кунларда Қурилиш вазирлигининг соҳа ходимлари назорати остида ушбу кўп қаватли бинонинг қолган қисми ҳам тадбиркор ҳисобидан бузилмоқда.

6 қаватли бинонинг қолган қисмини бузиш учун барча даражадаги хавфсизлик чоралари кўрилган. Кўп қаватли бинога ёндош қисмда жойлашган савдо дўконларида иш тўхтатилган. Ён атрофдаги иккита 2 қаватли хонадоннинг маълум қисмида яшовчи аҳоли хонадонларидан чиқарилган.

"Ҳозирда бино атрофига 4 қават баландликда 8 минг метр кубдан ортиқ тупроқ олиб келиб зичланди. Аммо бинонинг ертўла қисми ҳали бўш турибди. Бузиш жараёнида яна пастдан юқорига тупроқ олиб чиқилиб, ертўла қисмлар ҳам тўлдирилади", дейди 12-трест участка бошлиғи Фарид Абдуллин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январ куни Жиззах шаҳрида қурилаётган кўп қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушди. Ҳодиса натижасида ҳалок бўлган ва жабрланганлар қайд этилмади. Ушбу ҳодисага муносабат билдирган қурилиш вазири Ботир Зокиров бинонинг қолган қисми ҳам бузилишини, бунинг учун бино атрофига 10 минг метр куб тупроқ олиб келинишини маълум қилганди.

Мавзуга оид