– Нега солиқ академияси Фискал институтга айлантирилди?
– Президентнинг 4879-сонли қарорига асосан ДСҚ малака ошириш маркази негизида Фискал институт ташкил этилди. Солиқ академияси ўзини оқлаганми, деган саволга келсак, собиқ Солиқ академияси бакалавриат таълим йўналишида чекланган квоталар доирасида мутахассис етиштирган. Ҳар йилги қабул 75 ўриндан иборат бўлиб, битирувчилар тадбиркорлик субъектлари у ёқда турсин, тизимнинг мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжини 30 фоизга ҳам қондира олмаган. Шунингдек, ўқишдан кейинги тизим учун ишлаб бериш мажбурияти битирувчиларнинг эркин иш танлаш ҳуқуқини чекларди. Фискал институтда эса квота деган тушунча деярли амал қилмайди. Белгиланган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистрларга бўлган эҳтиёжни ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида таҳлил қилиш асосида қабул параметрлари Давлат солиқ қўмитаси томонидан мустақил белгиланиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Солиқ академиясига ўқишга қабул қилиш тартиби «Таълим тўғрисида»ги қонун ва кўплаб меъёрий ҳужжатлар талабларига, инсон ҳуқуқларига зид бўлган, абитуриентлар учун ихтисосликни танлаш ихтиёрийлигини инкор этган. Сабаби, абитуриент исталган ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, Солиқ академиясига ҳужжат топшириб ўқиш имконияти йўқ эди. Бу Солиқ акдемиясига республикада фаолият юритадиган 3та: Бухоро солиқ коллежи, Фарғона солиқ келлежи, Тошкент солиқ коллежларини битирганларгина ҳужжат топшириш имкониятига эга эди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент Молия институтида солиқ ва солиққа тортиш йўналишлари бор эди, аммо ўтган уч йил давомида солиқ соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган таянч олий таълим муассасаси мавжуд эмас эди. Янги ташкил топган институтнинг ўз салафидан афзаллиги шундаки, унга кириш барча учун очиқ, яъни ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган ҳар қандай шахс (фуқаро эмас, айнан шахс) унда таълим олиш имконига эга.
Бундан ташқари, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари Фискал институт томонидан тайёрланадиган кадрларга буюртмани шакллантиришда иштирок этишга, хусусан кадрларни мақсадли тайёрлаш учун тўловни, улар томонидан ўқишни тугатганидан сўнг, шартномада белгиланадиган муддат давомида ташкилот-буюртмачида узлуксиз ишлаш мажбуриятини қабул қилган ҳолда, амалга оширишга ҳақли.
– Институтга қабул жараёни қандай бўлади, кимлар қабул қилинади?















