Саидбек Арислонов 27 ёшда. Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта махсус таълимни тиббиёт йўналишида олган бўлса-да, ҳозирда АҚШда MasterCard компаниясида full-stack дастурчи сифатида фаолият юритмоқда.

Саидбекнинг «Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида официант ёрдамчилигидан сениор дастурчиликкача бўлган йўли, АҚШда дастурчилар қанча даромад кўриши, соҳасининг мураккабликлари ҳақидаги фикрларини тақдим қилган эдик. Интервьюнинг иккинчи қисмида Кремний водийсидаги муҳит, жамиятга фойда келтириш ва устуворликларни тўғри белгилай олиш хусусида сўз боради.

«Кремний водийсидагилар ҳам ўқишни тавсия қилишади»

— Кўпчилик дастурчи бўлиш учун олий маълумот керакми-йўқми, деган савол билан қизиқади. Бизда одамлар университетга олий таълим эмас, диплом учун киришади. Чунки катталар шунақа шарт қўйишади.

Университетга киришни мен ҳам тавсия қиламан. Кремний водийсига бориб гаплашганимда, улар ҳам олий таълимда ўқишни доим тавсия қилишади. Чунки бунда нолдан бошлаб ўргатилади, биров тепангизда туриб ўргатади. Ўзи изланганда эса кўпчилик дангасалик қилади.

Аввало соҳамни ўрганаман деб ниятни тўғри қилиш керак. Номи учун, диплом учун ўқишга кириш керак эмас.

Маркетга резюме қўйганимда бир стартапдан алоқага чиқишди. Университетларни битириб кетганлар ҳақида маълумот жамлашаркан. Маълумотни йиғиб, статистика чиқариб беришади. Бу муайян университетни битириб чиққанларнинг қанчаси ишга кирди ва қандай ишга кирди деган саволларга жавоб бўлади. Ҳамма бунга пул тикишга тайёр. Қайси университетнинг битирувчилари натижалари баланд бўлса, мақоми ҳам шунча юқори бўлади. Статистикаси ҳам ҳалол бўлади. Яна ҳам яхшироқ ишлашга, зўр таълим беришга ҳаракат қилади.

«Динга хизмат қилиш фақатгина диний билим билан бўлмайди»

— «Умматга қанчалик керакли эканликларингизни билганларингда, ухламасдинглар», дейилган. Бу ҳаммага тегишли. Мақсадлар борасида шунчалик майдалашиб кетганмизки, катта нарсалар қолиб кетяпти.

Динга хизмат қилиш фақатгина диний билим билан бўлмайди. Бошқа соҳада ҳам дин учун хизмат қилса бўлади. Мисол, менинг қўлимдан келадигани дастурлаш. Мана шу қобилиятим билан динимга хизмат қиламан деб ўйлаганман. Ҳали мақтанадиган ҳеч нарсам йўқ. Лекин кичик қадамлар билан бўлса ҳам бошлаб олдим. Одамга шижоат берадиган нарса – умматга кераклилик ҳиссидир.