Ўзбекистон | 17:00 / 01.02.2021
25932
2 дақиқада ўқилади

«Карантинга қайтишга умуман асос йўқ» – Отабеков Ўзбекистонда британча штамм билан боғлиқ вазият ҳақида

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Ўзбекистонга коронавируснинг британча штамми кириб келиши қатъий карантинга қайтишга асос эмаслигини билдирди.

«Айнан ҳозирги ҳолат бўйича карантин қайтишига умуман асос йўқ деб ҳисоблаймиз. Агар ҳаддан ортиқ хотиржамликка берилсак, ҳаммамиз Ўзбекистонни ташлаб, чет давлатларда сайр қилишни бошласак, касалликнинг катта оқимда келишига йўл қўйиб берадиган бўлсак, чекловлар киритилишига асос бўлиши мумкин.

Халқимиз мутахассисларнинг тавсияларига тўғри риоя қилиб, ҳаёт тарзини шакллантирса, жиддий карантинга рўбарў келмаймиз.

Ҳозирда баъзи давлатлар қайта карантинга киряпти, баъзилари эса чекловларни юмшатяпти. Нима бўлганда ҳам вазиятга қараб иш тутилади», деди Нурмат Отабеков журналистларга берган интервьюсида.

У британча штамм болалар орасида кўпроқ тарқалаётган бўлса-да, таълим муассасаларининг ёпилиши бўйича ҳозирда ҳеч қандай фикр мавжуд эмаслигини айтиб ўтди.

«Таълим муассасалари ёпилиши бўйича умуман фикр йўқ. Карантин тадбирлари жорий қилинаркан, хавф остида бўлган гуруҳга алоҳида эътибор берилади. Шунинг учун ҳам мабодо карантинга эҳтиёж бўлса, аҳолининг қайси қатлами хавф гуруҳида эканлигини аниқлаб, бир қарорга келинади», дея таъкидлади штаб аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, 30 январ куни Ўзбекистонда коронавируснинг британча штамми қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид