«Ислом тараққиёт банки» гуруҳи таркибига кирувчи «Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси» (ICD) Ўзбекистоннинг бир неча тижорат банкларида ислом молия маҳсулотлари ва хизматлари тақдим этувчи дарчаларни («ислом дарчалари») очиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб бормоқда.

Ушбу дарчалар фаолиятини йўлга қўйиш 2021 йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилиши режалаштирилган. Ислом дарчалари ўз фаолиятини бошлаганда мамлакатда фаолият юритувчи тадбиркорлар ва жисмоний шахсларга қандай молиявий хизматлар таклиф қилинади? Ислом дарчаларининг банклар ва уларнинг мижозлари учун қандай фойдали томонлари бор? Айнан мана шу саволларга қуйида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Ислом банкчилиги ва анъанавий банкчилик

Ислом дарчалари фаолиятини тушуниш учун биринчи навбатда ислом банкчилигини анъанавий банкчиликдан қандай фарқлари борлиги ҳамда таклиф қилинаётган хизматлар ва маҳсулотлар турларини билиб олиш мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, ислом молияси қарз бериш ё молиялаштириш ишларида айнан шариат тамойиллари ва қоидаларига асосланган жараёнларни қамраб олиши ҳамда ислом молия тамойилларига мос бўлган битимлар тузади. Шу билан, ислом молияси анъанавий молиялаштириш ёки қарз беришдан фарқ қилади. Масалан, гўшт маҳсулотини олайлик,  ҳайвон ёки парранданинг ислом дини талабларига риоя қилган ҳолда сўйилиши уни (яъни гўштни) ҳалол гўшт сифатида талқин қилинишига сабаб бўлади. Худди шу каби, молиялаштириш ёки қарз беришда, ёки бошқача айтганда, тарафларнинг молиявий муносабатларга киришишида ислом дини талабларига амал қилиниши молиявий маҳсулот ва хизматларни ҳалол/шаръий деб эътироф этилишига сабаб бўлади.

Қуйидаги сурат эса, айнан ислом банкчилигининг анъанавий банкчиликдан қайси жиҳатлари билан фарқланишини бизга кўрсатади:

Юқорида келтирилган суратдан кўриниб турганидек, ислом банкчилигида маблағларни жалб қилиш шариат тамойиллари асосида шерикчилик, қарз ёки сақлаб бериш (омонат) шартномалари асосида амалга оширилади. Анъанавий банкчиликда эса, кафолатланган фоиз эвазига маблағлар жалб қилинади.

Ислом банкингида жалб қилинган маблағларнинг ишлатилиши ҳам анъанавий банкчиликдан моҳиятан фарқ қилади. Маблағлар ислом молияси тамойилларига биноан, сотиш, ижара/лизингга бериш ёки шерикчилик асосида ёхуд молиялаштириш/инвестиция шартномалари асосида амалга оширилиши мумкин.